Ислом дини келишидан олдин Ҳабашистон Яманни Византия империяси ёрдамида мустамлака қилгани тарихдан маълум. У пайтлар ҳарбий қўмондон Яманни Ҳабашистон императорига муте ҳолда бошқарар эди. Ҳокимият Абраҳа[1] қўлига ўтгач, кишиларнинг Каъбаи муаззамага бориб, ҳаж қилишаётганидан ғаши келади ва Яман пойтахти Санъо шаҳридаги «Ғумдон» бутхонаси[2] ёнига ўша замонда мисли кўрилмаган «Қуллайс»[3] номли черков қурдиради. Абраҳанинг мақсади халқни Маккадан Санъога буриш эди. Сўнг мамлакат императорига хат йўллаб: «Подшоҳим, мен сиз учун шундай бир черков қурдирдим, сиздан илгари ҳеч қайси подшоҳ учун бунақаси қурилмаган. Мен арабларнинг ҳаж зиёратини ушбу черковга бурмагунимча, бошлаган ишимни тўхтатмайман», дейди. Унинг бу чиркин иши ўша пайтдаёқ баъзи одамларда эътироз уйғотган эди. Сўнг Абраҳа олтмиш минг сонли катта қўшин билан Макка сари юриш қилади. Мақсади Каъбанинг кулини кўкка совуриш эди. Абраҳа қўшиндаги тўққиз ёки ўн учта филдан «Маҳмуд» исмли баҳайбатини ўзига танлаб олди. (Бу воқеа тарихга «Фил воқеаси» номи билан кирган.) Абраҳа Тоиф шаҳри орқали Муғаммасга[4] етиб келиб, ўша ерда тўхтайди ва қўшинини тартибга солади. Тонг отгач, Маккага кириш учун филини ҳозирлайди. Аммо жонивор Мино билан Муздалифа ўртасидаги Муҳассир[5] водийcида чўкка тушиб ётиб олади ва Каъба томон юришдан бош тортади. Филни бошқа томонга буришса, чопиб кетар, Каъба томон буришса, чўкка тушиб ётиб олар эди.
Қўшин ана шундай овора бўлиб турганида, Аллоҳ таоло босқинчилар устига гала-гала қушларни[6] юборади. Қалдирғоч ва чуғурчуқларга[7] ўхшаган бу қушлар Муҳассир водийcига Қизил денгиз тарафидан учиб келади. Ҳар бири тумшуғида биттадан, панжаларида иккитадан нўхатдай, мошдай, ясмиқдай сопол тошчаларни олиб келиб, қўшин устига отади. Қўшиндагилар бир-бирини босиб-янчиб қоча бошлашади. Тошчалар кимга тегса, танасини тешиб ўтиб, ҳалок қилаверади. Бутун водий боши ё қўл-оёғи узилган, танаси тешилган ўликларга тўлиб кетади. Хуллас, тошчалар уларни худди қурт-қумурсқалар чайнаб ташлаган сомон каби илма-тешик қилиб юборади. Дарвоқе, Аллоҳнинг ҳикмати билан, тошлар уларнинг ҳаммасига ҳам тегмаган. Саломат қолганлари юртига қайтиб кетишган. Баъзиларининг кўзлари кўр бўлиб, Маккада тиланчилик қилиб юришгани ҳам ривоят қилинади.
Абраҳага эса Аллоҳ таоло бир дард юборади, унинг сабабидан бармоқ учлари узилиб тушади. Яман пойтахти Санъога етиб борганида, жуссаси жўжа каби кичрайиб, аянчли бир аҳволга келиб қолади. Охири юраги ёрилиб, тил тортмай ўлади.
Қурайш қабиласи одамлари Абраҳанинг қўшинидан қўрқиб, тоғларнинг баланд жойларига чиқиб, яшириниб олган эдилар. Босқинчилар ер билан яксон бўлгач, эсон-омон уйларига қайтиб келишади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Умму Ҳони розияллоҳу анҳоникида ушбу тошчаларнинг бир қафизча (33 литр) сиғимли идишга солиб қўйилганини кўргани ривоят қилинган. Тошчалар ақиқнинг йўл-йўл, тарам-тарам бир тури каби қизғиш бўлган дейилади.
Ушбу оламшумул воқеа милодий 571 йили муҳаррам ойида бўлиб ўтган. Бу кунлар февраль ойи охири – март ойи бошларига, яъни қиш фасли тугаб, баҳорнинг бошланишига тўғри келади.
Бу вақтда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали туғилмаган, оналарининг қоринларида ҳомила эдилар.
Шу ўринда эслаб ўтиш жоиз: Байтул Мақдис тарихида ҳам икки марта фил босқинига ўхшаш воқеа юз берган. Бани Исроилнинг қибласи бўлган бу муқаддас уйга бутпараст мушриклар икки марта[8] босқин уюштириб, иккисида ҳам Байтул Мақдисни ишғол қилишган. Ҳолбуки, мазкур Байт аҳолиси ўша пайтда аҳли китоб эди.
Ҳабаш насронийлари Каъбани истило қилолмадилар, ҳолбуки, улар аҳли китоб, Каъбанинг аҳолиси эса мушрик эди. Кейинчалик, Макка аҳлидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат – пайғамбарлик келганида бу ишнинг сири очилди.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН
[8] Милоддан олдин 587 йил золим подшоҳ Бухтунассар қўшини, милодий 70 йили эса румликлар.