Баҳийро[1] ҳикояси
Ибн Исҳоқ: Абу Толиб бир карвон билан Шом юртига тижорат сафарига чиқмоқчи бўлди. Сафарга ҳозирланиб турганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эргашдилар. Абу Толибнинг кўнгли эриб: «Қасамки, уни ўзим билан бирга олиб кетаман, бир-биримиздан ажралмаймиз», – деди. Шомдаги Бусро номли жойга етдилар. У ерда Баҳийро номли бир роҳиб бўлиб, ўз ҳужрасида ибодат қилиб ўтирар эди. Роҳиб насронийликдан яхши хабардор бўлиб, узоқ муддатдан бери таркидунё қилиб ибодат билан машғул эди. Ҳар сафар карвон шу жойдан ўтар, аммо роҳиб биронтасига йўлиқмас, ҳатто гапирмасди. Бироқ шу йили карвон унинг ҳужраси яқинига тўхтагач, у карвон аҳли учун зиёфат қилиб, чақирди. Бунга унинг ўз ҳужрасида ўтириб, келаётган карвонда бир киши бошида булут соя солиб келаётганини кўргани сабаб бўлган эди. Карвон унинг яқинида тўхтади. У билан булут ҳам тўхтади, соясида карвон тўхтаган дарахт шохлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб эгилди. Баҳийро буларни кўргач, ҳужрасидан тушди. Уларга одам юбориб: «Эй Қурайш аҳли, мен сизлар учун овқат тайёрлаб қўйганман. Каттаю кичик, озоду қуллар ташриф буюришингизни сўрайман», – деди. Шунда бир киши: «Қасамки, Баҳийро, бугун сенга нимадир бўлган. Чунки сен илгари бизга ҳеч ҳам бундай муомала қилмасдинг», – деди. Баҳийро эса: «Тўғри айтасан, илгари ҳеч аҳамият бермасдим. Аммо сизлар меҳмонларимсиз, мен сизларнинг барчангизни бирдай меҳмон қилгим келди», – деди. Карвон аҳли уникига тўпландилар. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш бўлганлари учун дарахт остида карвонга қараб қолдилар. Баҳийро кирган меҳмонларга қараса, ўзи билган ва ахтарган киши улар орасида йўқ экан. Шунда: «Орангиздан бирор кимса қолиб кетдими?» – деб сўради. Улар: «Сен қайғурма, қолган одам ёш бола», – дедилар. У: «Бундай қилманглар, уни ҳам чақиринглар», – деди. Шунда бир киши: «Лот ва Уззога қасам, Абдуллоҳнинг ўғли шу зиёфатдан қолгани учун маломатга қолсак-а!?» – деди-да, ўрнидан турди, Расулуллоҳни даст кўтариб олиб келди-да, қавм олдига ўтказиб қўйди. Баҳийро Пайғамбар алайҳиссаломни кўргач, у Зотга жуда қаттиқ тикила бошлади. У Зотнинг қиёфаларидан ўзи билган нималарнидир ахтарарди. Қавм таомларни еб бўлиб, тарқалгач, Баҳийро у Зотга: «Лот ва Уззога қасамки, сендан баъзи нарсаларни сўрамоқчиман», – деди. У қурайшликларнинг шундай қасам ичганларини эшитгани учун шундай қасам ичган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Мендан Лот ва Уззо ҳаққи билан савол сўрама. Аллоҳга қасамки, мен ҳеч нарсани улардек ёмон кўрмаганман», – дедилар. Шунда Баҳийро: «Унда Аллоҳ номи ила сўрайман», – деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Истаган нарсанни сўрайвер», – дедилар. Шундан сўнг Баҳийро уйқу ва уйғоқликдаги ҳамда бошқа вақтлардаги ҳоллари ҳақида сўрай бошлади. Расулуллоҳ унинг саволларига жавоб берар, жавоблар Баҳийро билган сифатларга мувофиқ тушар эди. Сўнг у Пайғамбар алайҳиссаломнинг орқаларини очиб, икки кураклари ўртасидаги пайғамбарлик муҳрини ўзи билган маълумотга мослигини кўрди.
Ибн Ҳишом: пайғамбарлик муҳри зулук қолдирган изга ўхшарди.
Ибн Исҳоқ: Баҳийро ишини тугатгач, амакилари Абу Толиб олдига келиб: «Бу бола сизга ким бўлади?» – деб сўради. Амакилари: «Ўғлим», – деди. Роҳиб: «Бу сизнинг ўғлингиз эмас, чунки унинг отаси ҳаёт бўлмаслиги керак», – деди. Шунда Абу Толиб: «Ҳа, у менинг жияним», – деди. Баҳийро: «Отасига нима бўлган?» – деб сўради. Амакилари: «Онаси унга ҳомиладорлик вақтида вафот этиб кетган», – деб жавоб берди. Роҳиб: «Энди рост сўзладингиз, сиз бу жиянингизни юртига қайтариб олиб кетинг, уни яҳудийлардан эҳтиёт қилинг. Қасамки, агар улар бу болани кўриб қолсалар ва ундаги мен билган белгиларни билиб қолсалар, албатта, ёмонлик қилишга уринадилар. Чунки жиянингизни келажакда улуғ ҳолатлар кутмоқда. Шу боис уни дарҳол ортга қайтаринг», – деди.
Бундан хавотирга тушган Абу Толиб у Зотни Маккага қайтариб олиб келди.
Айтишларича, аҳли китоблардан бўлган уч кимса Зурайр, Таммом ва Дарислар мазкур сафар чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда Баҳийро кўрган сифатларни кўриб қолиб, у Зот билан учрашмоқчи бўлдилар. Бироқ Баҳийро уларни қайтариб, у Зотга ёмонлик қилиш истагидан огоҳлантирди. Бунинг бефойдалигини тушунтириб, уларга Аллоҳни ва у Зотнинг ўз китобларида кўрган сифатларини эслатди. Ниҳоят, учови ҳам Баҳийронинг гапларига ишонч ҳосил қилиб, ортларига қайтиб кетдилар. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳимояси остида улғая бордилар. Парвардигор келажакда улуғ инсон бўлишларини тақдир қилгани учун у Зотни жоҳилиятнинг нопок ишларидан сақлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмлари орасида энг мурувватли, гўзал хулқли, ҳурмат ва эътиборга лойиқ, қўни-қўшничиликни ўз ўрнига қўювчи, ниҳоятда ҳалим ва ростгўй, омонатдор бўлиб, фаҳш ҳамда бузуқ ишлардан узоқда камолга етдилар. Қавмлари у Зотни ҳатто «ал-Амин» (ишончли ва омонатдор) деб атай бошлади. Чунки Аллоҳ у Зотда барча яхши хислатларни жамлаган эди.
[1] Роҳиб Баҳийронинг исми ўзбек тилидаги айрим адабиётларда «Буҳайро» кўринишида келтирилган бўлсада, асл манбаларда унинг Баҳийро эканлиги айтилган. Шу сабабли, бу ўринда бу исмнинг аслга монанд қўлланиши мақсадга мувофиқ кўрилди.