3 жумадис сони 1446
Сийрат – замон кўзгусида

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду саловатлар бўлсин! Сийратни ўрганиш ҳар доим Исломни ўрганишнинг асосий таянчи бўлиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаёқ у Зотнинг сийратлари юзлаб, минглаб инсонлар томонидан тўла-тўкис ўрганилган. Ислом умммати ўз Пайғамбари соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини чексиз иштиёқ, бемисл қунт билан ўрганиб, ана ўша гўзал ҳаёт тарзига қўлдан келганича эргашиб келган. Ислом тарихида биринчи яратилган китоблар ҳам айнан сийрат асарлари бўлган. Мана ўн тўрт аср ўтибдики, сийратни ўрганиш изчил давом этиб, янги-янги хулосаларга, ютуқларга муваффақ бўлинмоқда. Аллоҳ таоло айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бор». (Аҳзоб сураси, 21-оят.)

Ҳа, инсоният учун энг гўзал, юксак ўрнак Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу эса ўз навбатида у Зотнинг сийратларини ўрганишни тақозо қилади. Аммо бир нарсадан ҳар ким ҳар хил хулоса чиқарганидек, у Зотнинг сийратларига бўлган муносабат ҳам доимо турлича бўлиб келган. Олдинда сийрат китобларини «Мағозий» («Ғазотлар») деб аталиши ва уларда кўпроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиҳодлари, юришлари зикр қилинишида ўша давр кишиларининг жанговар, мерган инсонлар бўлганининг ҳам таъсири бор кўринади. Бундай кишилар наздида мардлик, чапдастлик, жангчилик энг яхши фазилатлардан бўлиб, улар кўпроқ шунга интилишган. Ўша давр одамларининг кўпчилиги бирор кишини ёки қавмни мақтамоқчи бўлса, унинг мерганлиги, жангчилигини тилга олган. Буни уларнинг шеърларидан, мадҳу мақтовларидан ҳам билиб олса бўлади. Мисол учун, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғатит-турк» китобида қадимги туркларнинг жуда кўп шеъру мақоллари айнан шу маънода келади. Табиийки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишда у Зот алайҳиссаломнинг ҳарбий фаолиятларига кўпроқ эътибор беришади. Аслини олганда эса ҳар қандай давлат ва унинг раҳбарининг фаолияти урушсиз, курашсиз кечмаганидек, фақат урушдан иборат ҳам бўлмайди. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўргансак, жиҳод ва юришлар у Зот алайҳиссаломнинг асосий фаолиятлари бўлмай, шароит тақозоси эканини кўрамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина Мадина даврида давлат, юрту эл хавфсизиги, равнақи ва тинчлиги учунгина жанга чиққанлар. Тарих ва сийрат китобларимизда бу давр шунчалар тўлиқ ёритилганки, қайси жангда неча киши ва кимлар ўлгани тўла-тўкис келтирилади. Ўтган асримизнинг сийрат илми бўйича энг кўзга кўринган алломаси, таниқли тадқиқотчи, муҳаққиқ олим Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий раҳматуллоҳи алайҳнинг хулосаларига кўра, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлиб ўтган тўқнашувларда душманлардан ҳаммаси бўлиб 759 киши, мусулмонлардан 259 жон ўлган («Роҳматан лил¬-ъаламин»). Муаллиф таъкидлаганидек, бу адад фақатгина урушга боғлиқ бўлмай, тижорат ёки даъват сафарларида ғанимлар тарафидан уюштирилган йўлтўсарлик, душманнинг ҳарбий ҳаркатларини аниқлаш, қасос ва бошқа шу каби жараёнларда бўлган талофатларни ҳам ўз ичига олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари фақатгина бир кишини – Убай ибн Халафнигина ўлдирганлар, бошқа бирор кишига қўл чўзмаганлар. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифалари инсонларни тарбиялаш, нафсларини поклаш, ахлоқларини сайқаллаш, қалбларини Роббиларига боғлаш бўлган. У Зот, асосан, кишилик жамиятини турли ички ва ташқи иллатлардан тозалаш, кишиларга ҳалолу ҳаромни танитиш, ўзаро муносабатларидага ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириш, Буюк Яратувчилари олдидаги бандалик вазифаларини қандай адо этишни англатиш ва бошқа шу каби ишлар билан машғул бўлганлар. У Зот алайҳиссалом одамларга поклик-нопоклик тушунчаларини сингдириб, бадан, кийим, жой ва бошқа тарафларни қандай поклашни, Аллоҳнинг каломи Қуръони Карим оятларидан тортиб, сон-саноқсиз зикру дуоларни – барча-барчасини бекаму кўст ўргатиш билан банд бўлганлар. Қуръон таъбири билан айтганда, у Зотнинг бош вазифалари гуноҳ-маъсият қилганларни огоҳлантириш, эзгу, яхши амалларни қилганларга хушхабар бериш бўлган. Аммо гоҳида шароит тақозосига кўра, кишиларни жангга сафарбар қилиш ҳам муҳим зарурат бўлиб қолар эди. Аслини олганда, бу ҳам юқоридаги бурчларни бажариш учун бир восита бўлиб хизмат қилган. Шу билан бирга, ўша қилинган жангларда ҳам инсоният тарихида мисли кўрилмаган адолат, шафқат, одамийлик устивор бўлган. Аёллар, болалар, қариялар, умуман олганда, қурол кўтариб чиқмаган кишини ўлдириш қатъий таъқиқланган. Ҳозиргидек, тинч аҳолини қириш бирор мусулмоннинг хаёлига ҳам келмаган. Айниқса, ибодатхонадагиларга тегиш, биноларини бузиш кескин ман қилинган. Дов-дарахтлар, эканзорлар, иншоотларга зарар келтиришдан қайтарилган. Жангчини ўлдирганда ҳам уни имкон қадар қийнамай, бир зарбада ўлдириш уқтирилган, азоблаш, таҳқирлаш, мусла қилиш ва шу каби ваҳшийликларга йўл қўйилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангнчиларга: «Агар ўлдирсангиз, гўзал тарзда ўлдиринг», деб уқтирганлар. Аслини олганда, жанг ўзи бир алоҳида олам, ундаги вазият, шароит ва руҳиятни фақат ўша ҳолатга тушган кишигина, аскарларгина яхши тушунишади. Ундаги вазиятни ҳаётнинг бошқа бирор нуқтасига таққослаб бўлмайди. Аммо ана шундай шароитда ҳам юқорида айтилган ва бошқа шу каби қатъий қоидаларни жорий қилинишининг ўзи Исломнинг на қадар инсонпарвар дин эканини кўрсатади. Буларнинг барчаси ўз навбатида Исломнинг энг мукаммал, ҳақиқий ҳаётий дин эканини, илоҳий дин эканини ҳам англатади. Фақат бу ҳақиқатларни тушуниш учун ҳаётга қуруқ ҳис-туйғу, тасаввурлар билан эмас, балки ақлу тафаккур билан, воқелик кўзи билан қараш дакрор. Устозларимиздан бири шундай деган эди: «Махсус тавсия билан жиҳод ҳақидаги шариат ҳукмларини алоҳида ўрганиб чиқишга тўғри келди. Шариатнинг бу борадаги кўрсатмаларини кўриб, ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим. Динимиз шунчалар инсонпарварми, дея ақлим учаёзди. Билмадим, балки бу ҳукмлар аввалги мусулмонлар учун оддий туюлгандир, аммо яқин ўтмиш ва бугунги кундаги шароитда шаклланган дунёқарашимга бу ўлчовлар, умуман, сиғмай қолди, жуда ҳам ғариб туюлди. Кўпчилик бугунги кунда Исломнинг тинчликпарвар, инсонпарвар дин эканини уқтириш мақсадида жиҳод ва унга оид ҳукмлар ҳақида гап очмасликка ҳаракат қилади. Мен изланишлар натижасида шу хулосага келдимки, биз динимизнинг инсонпарвар, тинчлик дини эканини англатиш учун айнан шу жиҳодга доир аҳкомларни етказишимизнинг ўзи кифоя қилар экан». Ҳа, Ислом мусулмонни ҳатто жанг майдонида ҳам шахсий хоҳишига ташлаб қўймайди. Ҳар бир ҳаракатини инсонийлик, тақво асосига қуришини талаб қилади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бир жангда бир қўмондон билан тўқнашиб, у билан узоқ жанг олиб бориш натижасида ниҳоят унинг елкасини ерга текказади. Шу пайт қўмондон ҳазрат Алининг юзларига тупириб юборади. Бир зарба билан ўлдиришга шай турган Али розияллоҳу анҳу шарт туриб, тескари қараб кетади. Бу ҳолатни тушуна олмаган душман: «Ҳой! Шунча жанг қилиб, энди нега мени ўлдирмай ташлаб кетяпсан?» дейди. Шунда буюк саҳобий: «Мен сен билан Аллоҳ учун жанг қилаётган эдим. Юзимга тупирганингда нафратим қўзиб, ўша пок ният олдига нафсим турткиси ҳам қўшилиб қолди. Мен қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида «Нима учун бир жонни нафсингни деб ўлдирдинг?» деган сўроққа тутилишни истамайман», деб жавоб беради. Ислом кишиларни ана шундай тарбиялай олган эди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳнатларининг самараси эди, Қуръон ва Суннатнинг меваси эди. Исломдаги жанговарликка оид ҳукмлар инсоният тарихида мисли кўрилмаган ва ҳали ҳануз ўхашаши топилмаётган буюк қонун-қоидалардир. Бўлмаса, ўша замон кишилари, хусусан, араблар учун бундай тутим, умуман, ёт нарса бўлган. У давр таомилига кўра, ғолиб нима деса, ўша бўларди. Мағлуб қандайдир манфаатлар, илтимослар тақдим қилгачгина ўзининг маълум ҳуқуларига эга бўлиши мумкин эди. Мағлуб учун ҳар доим, ҳамма жойда қонун-қоидалар топилган, аммо ғолиб учун-чи? Ислом шариатида ғолибу мағлубга уларнинг ҳар иккисидан юқори бўлган манба – Қуръон ва Суннат ҳукм чиқаради. Қани, Исломдан бошқа бирор дин ёки таълимотда Ислом шариатида кўрсатилган жанг қоидалари, одоблари борми ўзи? Ҳатто қул асрашга оид ҳукмларнинг ўзи фиқҳ китобларини тўлдириб ташлаган. Бошқаларнинг бу борадаги аҳкомларга илк бор дуч келганда, «И-е, бу қанақаси бўлди? Қулда ҳам ҳуқуқ бўларканми?» дея ажабланишлари ҳам бежиз бўлмаган эди. Қачон жанг қилиш жоиз? Шаръан жангни қандай олиб бориш лозим? Ғолибга нима ҳуқуқ ва бурч бор-у, мағлубнинг қандай ҳуқуқ ва бурчлари бор? Жанг майдонида нималар ҳалол-у, нималар ҳаром? Жангчилар намозни қандай адо этадилар? Бу ва шу каби бошқа саволларга шаръий-фиқҳий китобларимизда батафсил жавоб бериб келинган. Бошқаларнинг бу ҳақда ўйлашлари учун яна минг йилдан ортиқ вақт керак бўлди: йигирманчи асрга келибгина инсоният ҳарбий юришга доир ҳақ ва бурчлар хусусида сўз қотди. Аммо уларга қанчалик амал қилинаётганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Ўзларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари деб таништираётганларнинг мустамлакачиликлари қандай кечгани ва кечаётганини кўришнинг ўзи кифоя. Даъволари қанчалик дунёни тўлдираётган бўлса, қилаётган хунрезликлари ҳам оламни шунчалик булғаб ётибди. Чунки инсонда иймон бўлмаса, Аллоҳдан қўрқиш бўлмаса, дину ахлоқ бўлмаса, унда мезон бўлмайди, нимани хоҳласа, шуни қоида қилиб олаверади. Буларнинг барчаси бугунги кунда инсоният Ислом шариати таълимотларга нақадар муҳтож эканини яна бир бор кўрсатади. Тарихига назар солсак, шариат аҳкомларига амал қилган мусулмон фотиҳлар қилган инсонийликни бошқа бирор халқдан топиб бўлмайди. Буни ҳатто кўпгина ғарблик олимлар ҳам таъкидлашади. Узоққа бормай, ўлкамиз тарихидан биргина мисол келтирайлик: Самарқандга келган фотиҳлар лашкаргоҳни шаҳар ичига қуриб олишади. Бунинг Ислом шариатида мумкин эмаслиги ҳақида хабар топган шаҳар катталари халифа Умар ибн Абдулазизга шикоят қилиб боришади. Шунда халифа масалани ўша даврда халифаликнинг Осиё минтақасидаги вакиллиги бўлган Марв шаҳри қозисига арз қилишни ва унинг ҳукмига кўра иш кўрилишини буюради. Қози лашкаргоҳни шаҳардан олиб чиқиб кетишга ҳукм қилади. Бу адолатни кўрган самарқандликларнинг кўпи мусулмон бўлишга қарор қилади ва тинчлик учун зарур деган хулоса билан, лашкаргоҳнинг шаҳарда қолишига рози бўлишади. Аслида мусулмон аскарлар Самарқанд катта шаҳар бўлиб, муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлгани, янги мусулмон бўлган туркларни бошқа турк қабилалардан ҳимоя  қилиш вазифаси ва бошқа сабабларга кўра лашкаргоҳни истисно равишда шаҳар ичига қуришган эди. Шунга қарамай, Марв қозиси шариат талабига кўра, мағлубнинг фойдасига, ғолибнинг зарарига бўлган мазкур ҳукмни  чиқарди. Афсуски, ҳозирда энг кўп қон тўкаётган мустамлакачилар энг кўп тинчлик ҳақида гапирадиган бўлиб олишган. Кўринишидан, улар тинчлик деганда фақат ўзларининг ҳотиржамликларини тушунишади, ҳақ-ҳуқуқ деганда ўзларининг манфаатларини назарда тутишади. Бошқаларнинг қирилиб битиши, ер билан яксон бўлиши уларга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмайди. Ўзларининг фаровон турмушлари учун бошқаларнинг ҳаётини қурбон қилишга доимо тайёрлар. Худди улар инсон-у, бошқалар инсонмасдек. Яна камига ўзларининг асл башараларини тўсиш, хунук манзараларини кўришдан бошқаларни чалғитиш мақсадида нуқул Исломга тош отишга ошиқишади. Бир кунда юзлаб, минглаб, ўн минглаб инсонларнинг бошини еяётганлар 23 йил давомида жангда ўлган бир неча юз кишини рўкач қилиб, Исломга, Ислом Пайғамбарига таъна тоши отишдан тўхташмайди. Миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ёстиғини қуритган худосиз «жаноблар» эса Ислом тарихидаги ўша «қонли» кунларни эсга олиб, ўзларича инсонпарварлик қилмоқчи бўлишади. «Ислом келишидан олдин ора кунда уриш бўлиб, юзлаб, минглаб одамлар қирилиб ётган эди. Биргина Авс билан Хазраж ўртасида 120 йилдан бери уриш давом этиб келарди. Бир ёқдан Рум, бир тарафдан Форс ҳали у жойни, ҳали бу жойни босиб олиб, танлон-тарож қилаётган эди. Ислом уларнинг бошини бир қилиб, бир мақсад сари етаклади, аммо бу осон кечмади, орада озми-кўп йўқотишлар ҳам бўлиши табиий эди», дейдиган одам йўқ. Нима бўлганда ҳам, бугун Ислом динининг мусаффолигини, унинг инсонпарварлилигини уқтиришга кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Исломнинг тинчликсевар дин экани ҳақида гап кетар экан, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, у Зотнинг ҳаётларини тўлиқроқ ўрганиш ва етказишга эътибор қаратиш кераклигини унутмаслик даркор. Қадимда жанговар ҳаёт тарзидан келиб чиқиб, айрим муаллифлар сийратни ўрганишда кўпроқ жангу жадалларга аҳамият берган бўлса, бугунги кун руҳига кўра, кўпроқ тинчлик, инсонпарварлик, бунёдкорлик жиҳатларига эътибор бериш лозим. Ўша жангу жадалларда ҳам шу муҳит ҳукм сурганини очиб бериш керак. Бу ‒ сийратнинг бир қисмини ўрганиб, бошқа тарафлари ҳақида сўз очмаслик керак дегани эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига замон кўзи билан боқиш, у Зотнинг ҳаётларини атрофлича ва чуқур ўрганиш демакдир. Айримлар ўйлагандек, Исломни «ислоҳ» қилишнинг ҳожати йўқ, балки уни узди-юлди қилмай, бор ҳолича, софлигича, тўлалигича ўрганилса, бас, ҳамма нарса ўз жойига тушади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу борада захматкаш, улуғ олимларимиз томонидан жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Аммо ҳали қилиш керак бўлган ишлар ундан-да кўп. Энг муҳими, аввало, биз ўзимиз муқаддас динимиз ҳақидаги тушунчаларимизни тўғрилаб олишимиз керак. Исломдаги айрим ҳукмлардан ажабланиб, ётинқираб, ноқулайликка тушмаслигимиз даркор. Балки уларни ҳақиқий илмий равишда ўрганиб, шу тарзда талқин қилишга ўтишимиз лозим. Кўпчилик ваҳима қилаётган ўша ҳукмлар қандайдир бузғунчи, ғаразгўй кимсалар, бефаҳм жоҳиллар талқин қилаётган шаклда эмас, аслида тамоман бошқа маънони билдиришини тушуниб етишимиз ва тушунтира билишимиз керак. Уларни инкор қилиб, рад этишга ҳаракат қилиш ўрнига, тўғри тушуна олиш йўлидан боришимиз лозим. Ана шунда қалблар ҳам таскин топади, мақсадлар ҳам ҳосил бўлади. Энг муҳими, динимизнинг мусаффолигини сақлаган бўламиз ва иншоаллоҳ, Аллоҳнинг розилигига эришамиз. Ислом тинчлик дини. Унинг номи ўзи шу тинчлик сўзидан олинган. Ислом тинчлик имконияти бор бўлиб турган ўринда урушга чақирмайди. Исломда агар уруш қилинса ҳам, тинчлик учун, Ватан, дину диёнат учун қилинади, ҳақ-ҳуқуқлар ҳимояси учун қилинади. Урушда ҳам тинчликсеварлик руҳи ҳукм суради: аёлларга, болаларга, қарияларга, ибодатхонадагиларга, қурол кўтармаган ҳар қандай тинч аҳолига тегилмайди. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари суҳбатларнинг бирида шундай деган эдилар: «Ислом тинчликни инсоннинг қалбидан бошлайди. Инсоннинг қалби тинч бўлса, бу тинчлик унинг жисмига, ташқи аъзоларига ўтади. Қалби тинч, жисми тинч инсон атрофидагилар билан тинчлик асосида муомалада бўлади. Натижада бу тинчлик инсоннинг оила аъзолари, ён атрофидагиларга кўчади. Ўшандай тинч оила ва гуруҳлардан иборат бўлган жамият ўз-ўзидан тинчлик ҳукмрон бўлган жамиятга айланади. Ана шунда тинчлик устига қурилган жамиятлардан таркиб топган башарият ҳам том маънода тинчликка эришади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳдан офиятни сўранглар», деган ўгитларидан келиб чиқиб, биз ҳам Аллоҳ таолодан юрту элимиз, бутун Ислом олами, жамиики инсониятни тинчлик-тотувликда барқарор қилишини сўраб дуолар қиламиз. Амин!

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

03:00 / 07.10.2016
Аввалги мақола
Абу Убайда ибн Жарроҳ
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...