Муҳаммад алайҳиссаломни эмизаётганида Ҳалиманинг оиласига Аллоҳ томонидан юборилган қуту баракотлар Пайғамбаримизга берилган дастлабки инъом эди. У киши олиб келинишидан аввал Ҳалиманинг оиласи қўл учида зўрға тирикчилик ўтказарди. Янги чақалоқнинг хосияти туфайли қўйлари яйловдан елинидан чакиллаб сут томиб қайтадиган бўлди. (Аллоҳ раҳмат қилгур) Имом Бусайрининг «Ҳамзия» қасидасидаги қуйидаги мисраларда бу нарса ўз ифодасини топган:
Бир элга бахтиёр инсонни муяссар айласа Аллоҳ,
Унинг хосияти-ла эл саодатманд бўлғуси мутлоқ.
Сўнгра Расулуллоҳнинг кўкраклари ёрилиб, шайтон васвасаси − нафси аммора олиб ташланди. Кимки бу нарсага ажабланса, у Аллоҳнинг қудратига шубҳа билдирган, қувваи ҳофизаси чекланган, дунёнинг ғаройиб ишларини фақат ўз тасаввуридан келиб чиққан ҳолда баҳолайдиган одам бўлади. Пайғамбарлар ҳаётида фавқулодда ҳодисалар юз бериши ақл бовар қилмас ғайритабиий ҳол эмас. Муҳаммад алайҳиссалом Шомга сафарга чиққанларида Аллоҳ у кишининг ҳурматлари учун бир парча булутни бошларига соябон қилиб қўйди, офтоб олов пуркаб турган жазирама ёз кунида бу соядан карвондаги бирор кимса баҳра олгани йўқ. Расулуллоҳга ҳамсафар бўлган Майсара бу ғаройиб ҳодисани Хадижага ҳайратланиб сўзлаб берган. Хадижа Муҳаммад алайҳиссаломнинг бўлакча одам эканликларини қалбан ҳис этиб, келгусида улуғ ишларни рўёбга чиқаришларига ишониб, ўз тақдирини боғлашни ихтиёр этган. Шу боис Расулуллоҳга дастлабки ваҳийлар кела бошлаган саодатли кунлардаёқ Хадижа у кишининг табиатидаги гўзал хулқ-атвордан ташқари бирон бир мўъжиза талаб қилмасдан Ислом динига кирган. Тош ва дов-дарахтларнинг салом бериши ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ берган неъматлардан бири эди. Расулуллоҳ ҳожат учун ташқарига чиққанларида одам йўқ унгуру жарликлар томон кетар эканлар, йўлларида учраган ҳар бир тош, дов-дарахтдан: «Эй Расулуллоҳ, сенга раҳмат ва омонлик бўлсин!» деган овоз чиқар, у киши ён-берига аланглаб, бирон жонзотни кўрмай ажабланардилар. Бундай ишлар бандасининг қўлидан келмайди, албатта, бироқ Аллоҳга осон, у илгариги пайғамбарларга ҳам ер юзидаги барча жонли ва жонсиз нарсаларни бўйсундириб берган. Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари аждарҳога айланиб, Фиръавннинг сеҳргарлари кўрсатган ҳийла-найрангларни ютиб юборган. Мусо алайҳиссалом асоларини тошга урганларида ўн иккита булоқ отилиб чиққан ва бани Исроилнинг ҳар бир қавми ўз булоғидан сув ичадиган бўлган. Аллоҳ бошқа пайғамбарларнинг ҳам улуғлигини намоён этиб, эл-юрт орасида қадр-қимматини баланд қилиш учун турли жонсиз нарсаларни амрига бўйсундириб, мўъжизалар кўрсатган.