23 жумадул аввал 1446
Бани Қурайза ғазоти

 

Пайғамбар алайҳиссалом Хандақ жангидан қайтиб, ҳали жанговар либосларини ечиб улгурмасларидан Аллоҳ таоло мусулмонлар танг аҳволда қолганда уларга қарши хиёнаткорона бош кўтарган яҳудийлар билан орани очди қилиб, бу заминдан қувиб чиқаришни амр этди. Расулуллоҳ саҳобаларга аср намозини бани Қурайза ерида ўқишни буюриб, ўзлари уларнинг орқасидан йўлга тушдилар. У кишининг ўрнига Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қолди. Али ибн Абу Толиб байроқдор бўлиб, саҳобаларни жадал бошлаб кетди.

Жангга отланганларнинг сони уч минг нафар эди. Саҳобаларнинг бир қисми Расулуллоҳнинг буйруғини манзилга тезроқ етиш маъносида тушуниб намоздигарни йўлда ўқиди, иккинчи гуруҳ эса бу фармонни айни маъносида англаб, ибодатни бани Қурайзада бир оз кечикиб адо этди. Расулуллоҳ уларнинг ҳеч қайсисини айбламадилар. Бани Қурайза яҳудийлари қуюндек шиддат билан бостириб келаётган мусулмонларни кўргач, ўтакалари ёрилгудек бўлиб, шоша-пиша қўрғонларига яшириниб олишди. Улар ўз қилмишларини — ваъдага вафо қилмай мусулмонларни танг аҳволда қолдириб, ғаним билан тил бириктиришганини, бу мунофиқликлари учун кечирилмасликларини яхши билишарди.

Мусулмонлар уларни йигирма беш кун муҳосара қилдилар. Яҳудийлар тўқнашув муқаррарлигини, агар муҳосара шу зайлда давом этаверса, очликдан қирилиб битажакликларини, яхшиси, мусулмонларни инсофга келтириб, худди бани Назир қабиласидек фақат мол-мулкини олиб юртларидан чиқиб кетишга ижозат сўраш кераклигини англаб етишди. Бироқ Расулуллоҳ уларнинг талабига рози бўлмадилар. Яҳудийлар ҳеч нарса олмай, чопонини елкасига ташлаб чиқиб кетажакларини айтишди. Сарвари олам бунга ҳам кўнмадилар, нимага ҳукм этсалар, шунга рози бўлмагунларича қамалда сақлаяжакларини билдирдилар.

Яҳудийлар: «Бизга Абу Лубобани юборгин. У билан кенгашиб бир қарорга келайлик», дейишди. Абу Лубоба яҳудийларнинг иттифоқчиси Авс қабиласидан бўлиб, бола-чақаси, мол-мулки яҳудийларнинг қўлида эди. Улар Абу Лубобадан нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрашди. «Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳукмига рози бўлсангиз, қих, — у кафтининг қирраси билан томоғини кесиб кўрсатди. — Каллангиз кетади, ҳаммангиз ўлимга ҳукм этиласиз». Абу Лубоба бу гапни айтишга айтди-ю, бироқ шу заҳоти Худога, Пайғамбарга хиёнат қилганини тушунди.

Яҳудийларнинг қароргоҳидан қайтгач, Расулуллоҳга рўпара келишдан уялиб Мадинага йўл олди, ўзини устунга боғлатиб, Пайғамбар алайҳиссаломга хабар юборди ва қилмишига яраша жазо кута бошлади. Расулуллоҳ: «Агар Абу Лубоба тўғри келиб менга учрашганда афв этардим, ўз билганича иш тутган экан, Аллоҳдан ҳукм тушгунча қимир этмай турсин», дедилар. Чорасиз қолган бани Қурайза яҳудийлари Расулуллоҳнинг амрига бўйсунишди.

Пайғамбар алайҳиссалом бани Қурайзанинг барча эркакларини қўлини боғлаган ҳолда олиб келишни буюрдилар. Авс қабиласининг одамлари ўртага тушиб, уларга ҳам бани Қайнуқоъ яҳудийларига қилинганидек илтифот кўрсатилишини ўтинишди. «Агар орангиздан бирон киши ҳукм чиқарса, унинг айтганига рози бўласизларми?» деб сўрадилар Расулуллоҳ. Одамлар рози бўлажакларини айтиб, ҳукм чиқариш ҳуқуқини ўз оқсоқоллари Саъд ибн Муозга муносиб кўришди. Саъд ибн Муоз Хандақ жангида яраланиб, ярадорлар учун ажратилган махсус чодирда ётарди. Пайғамбар алайҳиссалом юборган одамлар уни эшакка миндириб олиб келишди. Авс қабиласининг оқсоқоллари Саъднинг атрофини ўраб, яҳудийларга қаттиққўллик қилмасликни ўтинишди. «Одамларнинг айблашларидан қўрқмай Аллоҳнинг ҳукмини ижро этадиган пайт келди», деди Саъд. У етиб келганда Расулуллоҳ саҳобалар билан гаплашиб ўтирган эдилар. «Бошлиғингизни эшакдан тушириб қўйинглар», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом унинг атрофида турганларга. Одамлар буйруқни бажо келтиришгач, Расулуллоҳ сенга иттифоқчиларнинг устидан ҳукм чиқаришни топширмоқчилар, дейишди.

Пайғамбар алайҳиссалом бу фикрни тасдиқлаб: «Эй Саъд, бани Қурайза яҳудийлари устидан ҳукм чиқар, дедилар. Саъд саҳобаларга юзланиб: «Мен чиқарган ҳукмни ижро этишга Худони ўртага қўйиб қасам ичасизларми?» деб сўради. Саҳобалар қасам ичиб, Расулуллоҳ уларнинг фикрини тасдиқлагач, Саъд қарорини айтди: «Эркакларни ўлимга, аёллар билан болаларни асир олишга ҳукм этаман». «Сен Аллоҳнинг ҳукми каби ҳукм чиқардинг», дедилар Расулуллоҳ. Суиқасдчи хоинларнинг жазоси шундай бўлиши керак. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрига биноан ҳукм шу заҳоти ижро этилди.

Бир ярим минг қилич, уч юз совут, икки минг найза, беш юз қалқон, жуда кўп рўзғор буюмлари, идиш-товоқ, туя, қўй ғанимат олинди. Буларга хурмо ва асирларни ҳам қўшиб, бешга бўлинди. Суворийларга уч ҳисса, пиёдаларга бир ҳисса, ҳатто ярадорларга қарайдиган аёлларга ҳам маълум улуш берилди. Ичкилик солинган идишларнинг ичидаги ароқ-шароблар тўкиб ташланди. Бу ишлар ниҳоясига етмай туриб Саъд ибн Муоз ҳам вафот этди. У жуда кўп қон йўқотган, жароҳати тузалиш ўрнига баттар зўрайиб кетган эди. Унинг ансорлар орасидаги обрў-эътибори Абу Бакрнинг муҳожирлар ўртасидаги мартабаси билан тенг эди. Саъд ибн Муоз ҳамма ғазотларда қатнашиб беқиёс қаҳрамонликлар кўрсатган, шу боис Расулуллоҳ уни жуда яхши кўрардилар. Дафн маросимида жаннату ризвонга ноил бўлажагини башорат қилдилар.

Мусулмонлар Мадинага қайтиб келгач, Аллоҳ таоло Қуръондаги Тавба сурасининг 102-оятини нозил қилиб, Абу Лубобанинг тавбасини қабул этди: «Яхши ишга ёмонликни аралаштириб бажарган бир гуруҳ одам ўзларининг гуноҳини тан олишди, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиши мумкин, Аллоҳ мағфират этгувчидир, бениҳоя меҳрибондур. «Абу Лубоба хиёнат қилган жойи — бани Қурайза диёрини бутунлай тарк этишга қасам ичди. Бу ғазот туфайли Парвардигор мусулмонларни иккиюзламачилик ва хоинликка одатланган яҳудийларнинг хавф-хатаридан холос этди. Аслида Хандақ урушига келганларни васвасга солганлар яҳудийларнинг Ҳайбарда қолган бир гуруҳ бузғунчи катталари эди. Уларнинг қандай таъзирини еганлиги ҳақида кейинги бобларда тўхталиб ўтамиз.
10:52 / 13.04.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...