21 жумадул аввал 1446
Гулнинг гуллари

Гулнинг гуллари

Кириш

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Буюк Аллоҳга ҳамд, коинот Сарварига ва саҳобаларга, тобеъинларга, уларнинг нурли йўлларини давом эттирганларга салот ва салом бўлсин. 1987 йилдан эътиборан жиддий иш олиб бораётган «Пайғамбаримиз аёллари, қизлари ва неваралари» номли тадқиқотимиз ҳар ўтган кун мобайнида ривожланиб, янги билим ва кайфиятлар билан бойиб бораётир. Шубҳасизки, тадқиқот устидаги изланишлар давом эттирилаверса, яна янгиликлар топилаверади. Тадқиқот, асосан, ўрта таълим, қисман олий таълим талабаларига дарс сифатида ўтилган, мамлакат ва хорижий давлатларда конференция, семинар, давра суҳбатлари ва йиғилишларида муҳокама этилган. Шу тариқа мавзуга қўл уриш фурсати келиб, уни йиллар мобайнида қуршаб келган руҳий оламга кириш ғайрати билан уларга етишишга ҳаракат қилинди. Маълумки, атиргул гўзаллик ва зарофат рамзи ҳисобланади. Атиргул ҳар нарсадан суюмли, бутун гўзалликлар унга нисбат берилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом атиргул ва унинг хуш бўйини жуда севганлари учун Ислом адабиёти ва тасаввуфда бу гул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамзи бўлиб келади. Чунки у Зотнинг муборак терларидан ҳам атиргул ҳиди келарди. Атиргул севги билан бирга ишқ-муҳаббатни ҳам ифодалайди. Бу сифатларнинг барчаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломда мавжуд бўлгани учун у Зотни «атиргул» деб номлашга журъат қилдик, суюкли қизларини эса «ғунчалар» деб атадик. Шу тарзда «атиргул ғунчалари» пайдо бўлди. Ва каттагина қисми турли номларда чоп этилиб, жамоатчиликда чуқур қизиқиш уйғотди. Энди эса қўлингизга китоб ҳолида етиб боряпти. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари ҳақида эса у Зотнинг ҳаётларини ёритган тарзда тадқиқ этишга уриндик. Иншааллоҳ, бу меҳнатимиз ҳам яқин орада қўлингизга тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ёритар эканмиз, у Зот билан бирга бўлганларни ҳам шундай жиддият билан кузатиш лозимлиги аён бўлди. Биз уларни учга айирдик: биринчи гуруҳни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суюмли умр йўлдошлари – «азвожи таҳират» ташкил этади. Иккинчи гуруҳни у Зотнинг севимли қизлари – «банотун-набий» ташкил қилади. Учинчи гуруҳ эса фазилатларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўстлари, яъни «саҳобаи киром»лардан иборатдир. Бундан кўринадики, дунёда ҳаёти энг кўп қаламга олинган инсон Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. У Зотнинг аёллари ҳақида ҳар хил мақсад ва воситалар билан асарлар битилган. Аммо суюкли қизлари ҳаёти, ҳазрат Фотима онамизни истисно қилганда, тадқиқ этилмаган. Мурожаат этганимиз манбаларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қизларининг таржимаи ҳоллари мавжуд, албатта. Аммо тўртталаси ҳам бирга яхлит оила тарзида тадқиқ этилган асар йўқ. Бу бўшлиқни кўрганимиз ва қиёматда шафоатларини, охиратда эса қўшни бўлишни орзу қилганимиз боис шундай жиддий мавзуга қўл урдик. Ишимизда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қизлари билан бирга куёвлари ҳаётини ҳам текширишга уриндик. Аммо асосий мавзу қизлар бўлганидан уларга кўпроқ эътибор қаратдик. Уларнинг оилавий ҳаёти зерикарли тарзда эмас, балки сурурли оҳанг оғушида кечарди. Чунки уларнинг кўнгил заминига маърифат гуллари экилганди. Шу сабабли уларга Аллоҳ ҳамиша ёр бўлган, Пайғамбар алайҳиссалом оталари ва оналаридан сўнг севимли турмуш ўртоқларига қалб эшикларини охиригача очганлар, «Ичкарига марҳамат қилинг», деганлар, чунки ўзлари ҳам ичкарига марҳамат этилганлардан эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури покларини бир-бирдан бўлиб қўлларидан олишган ва кўнгил шишасига соф ҳолича нақшлаб қўйишган. Шу сабабли фақат юзларигина эмас, кўзлари, кўнгиллари ҳам нурли эди. Шундай ибратли ҳаёт кечиришгандики, эрлари ҳам излаган ҳар нарсаларини завжаларидан топишар эди. Мавзуга доир манбаларнинг имкон қадар барчасига таянилган, қадимий қўлёзмалар билан бирга асримиздаги асарлар ҳам ўрганилган, тарихий воқеалардан озиқланган бу асар фақат Аллоҳ ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ризоси учунгина битилди. Ошиқнинг севгилисига интилишидаги ғайрати билан бунёд бўлган қўшиқдир бу. Асарда ўқувчи диққатини чалғитмаслик мақсадида сноска қўйилмади, қизиқтириши мумкин бўлган адабиётлар китоб охирида бетлари ҳам кўрсатилган ҳолда илова қилинган. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима қилсалар, шуни қилишга интилишарди. Бу ҳақда мулоҳаза юритишга эҳтиёж сезмай, у Зот қилганлари учунгина бажарардилар. Бу эътиқод масаласи эди, ишқ талаби эди. Ошиқнинг севгилисига мубталолик достони… Севгилиси мудом юрагида бўлган ошиқ севгилисига айланиб кетади. У билан бирга бир тану бир жон бўлади. Унинг розилиги, унинг хушнудлиги ошиқнинг бош аъмоли. Бутун борлиғини Унга фидо этишининг сири шундадир. Сатрларга, саҳифаларга, китобларга, жилдларга сиғмас ҳаёт!.. Ҳар бири гул эмас, алоҳида гулшан… Ҳар бири охири йўқ чаманзор… Мана шундай боққа гул тергани кирдик. Аммо бир-иккита хазон билангина қаршингизга чиқа олдик. Айб уларда эмас, бизда эди. Аввало, уларнинг шафоатлари, сўнг сизларнинг марҳаматларингизни соғиниб асарни бошлаймиз. Ғайрат биздан, тавфиқ Аллоҳдандир.

Адам САРАЧ. 2000 йил 27 ноябрь

* * *

Адам Сарач 1958 йилда туғилган. 1984 йилда Мармара университети илоҳиёт факультетини битирган. Турли таълим муассасаларида узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1993 йили Юзинчи йил университетига илоҳиёт факультетига ўқитувчи бўлиб ишга кирган ва ҳамон шу ерда ишламоқда. Оилали, 3 фарзанди бор. Нашр қилинган асарлари: «Биринчи ва охирги» (сайланма), «Китоб ва инсон» (шеърлар), «Устозим» (драма), «Меҳнатсевар нафақахўр» (драма), «Ғозикўй ғалабаси» (опера), «Биз ўқитувчимиз» (драма), «Қонаётган яра» (драма).

Аввало, нубувват боғининг хос гулларига, сўнг эса уларнинг йўлини давом эттириш ниятидаги ҳар бир одамга бағишлаймиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва уларнинг қизларига мурожаат Ё Расулуллоҳ!.. Уйингизга киришга, оила аъзоларингизни яқиндан танишга рухсат берасизми? Бизга эшикларни очасизми, «Марҳамат», дея ичкарига таклиф этасизми? Сўнг уйингизни бошдан-оёқ кезиб чиқиш, хафсала билан ўрганишга изн берасизми? Суюкли оналаримиз билан бирга севимли қизларингиз ва куёвларингиз-ла учрашишга рухсат этасизми? Бундай ишга қўл уришнинг қанчалар оғир масъулият эканлигини жуда яхши биламиз. Аммо сизларсиз Ислом мукаммал бўла олмайди. Эй Пайғамбар алайҳиссалом қизлари! Сизларнинг нурли ва ибратли ҳаётингизни ёритишдек ишга киришдик. Фақат олдин сизлардан изн сўрамоқчимиз. Изн берсангиз, сизлар билан бирга бўлмоқчимиз. Сиз билан аввал бу дунёда, кўнгил ва руҳ оламида кўришмоқ истаймиз. Зотан, бу дунёда шундай учрашувга эриша олсак, охиратда ҳам шафоатингизга умид қилиб, қўшни бўлиш орзусига журъат қиламиз. Рухсатингиз билан Пайғамбар отангиз, оналарингиз ва қадрли эрларингиз – ҳаммангизнинг бир оила даврасидаги ҳаётингизни битиб,  сизларнинг нурли ва ибратли ҳаётингиздан баҳра олиш ниятидамиз. Уйингиз, бола-чақангиз ёнига келаётирмиз, ё Расулуллоҳ! Изнингизни такрор сўраймиз, эй Пайғамбар алайҳиссалом қизлари! Рухсатингиз билан!..
18:06 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Видолашув ҳажи
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...