22 жумадул аввал 1446
Қутайба ибн Муслимнинг қабри қаерда?
 

Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим Боҳилий раҳматуллоҳи алайҳ ҳиж. 49 йил / мил. 669 йил туғилган.

У киши тобеинлардан бўлиб, Имрон ибн Ҳусайн ва Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳумолардан ҳадис ривоят қилган.

Ҳижрий биринчи аср мусулмонларининг машҳур қўмондонларидан бири бўлган.

 

Бешинчи умавий халифа Абдул Малик ибн Марвон даврида Рай шаҳрига, олтинчи халифа Валид ибн Абдул Малик даврида Хуросон ўлкасига волий-ҳоким бўлган.

Умрининг охирида Мовароуннаҳр диёрини фатҳ қилиб, Ислом динини мустаҳкам ўрнатган ва то вафоти (ҳиж. 96 йил / мил. 715 йил)гача Мовароуннаҳр диёрида ўн уч йил волийлик қилган.

Қутайба раҳматуллоҳи алайҳнинг қаерда ўлдирилгани ва қабри ҳозир қаерда экани ҳақида икки хил маълумот бор:

Биринчиси: Хуросон ўлкасида.

Бу ҳақда имом Бухорий «Ат-тарихул кабир» (7/462), «Ат-тарихус сағир» (2/34), Табарий «Тарихул умами вал мулук» (4/34), Заҳабий «Ал-ибар фи хабари ман ғабар» (1/20), Ибн Асир «Ал-комил фит тарих» (18/19), Ибн Жавзий «Ал-мунтазим фит тарих» (7/12), Усфурий «Тариху Халифа ибн Хайёт» (1/243), Абдул Ҳай ибн Аҳмад Димашқий «Шазаротуз заҳаб фи ахбори ман заҳаб» (1/105), Ибн Дурайд «Ал-иштиқоқ» (1/75) ва Нувайрийлар «Ниҳоятул араб фи фунунил адаб» (6/69) китобларида: «Қутайба ибн Муслим Хуросонда ўлдирилган», дейишади.

Иккинчиси: Фарғона водийсида.

Бу ҳақда Ибн Асокир «Тариху Димашқ» (21/474), Ибн Халликон «Вафаётул аъён» (4/88), Зириклий «Ал-аълом» (5/190), Сафадий «Ал-вофий фил вафаёт» (5/99), Ибн Қутайба «Ал-маъориф» (1/100), Абу Яъло Халилий «Ал-иршод фи маърифати уламоил ҳадис» (3/201), Аскарий«Ал-авоил» (1/111) ва Аҳмад ибн Марвонлар «Ал-мужоласату ва жавоҳирул илм» (4/90) китобларида: «Қутайба ибн Муслим Фарғонада ўлдирилган», дейишади.

Тарихдан маълумки, Хуросон ўлкаси жўғрофий жиҳатдан Амударёнинг жануби-ғарбий тарафида жойлашган қадимги буюк ўлка бўлиб, Нишопур, Марв, Балх, Ҳирот каби катта шаҳарлари бўлган. Ҳозир бу ҳудудда Туркманистон, шарқий Эрон ва Афғонистон давлатлари жойлашган.

Фарғона водийси эса, Мовароуннаҳр (Амударё ортидаги диёр)да жойлашган қадимги катта водий бўлиб, ҳозирги Фарғона, Андижон, Наманган, Хўжанд ва Ўш вилоятларидан ташкил топган эди.

Хуросон билан Мовароуннаҳр иқлимларини жўғрофий жиҳатдан Амударё ажратиб турган бўлса-да, бир пайтлар Мовароуннаҳр шу жумладан, Фарғона водийси ҳам сиёсий жиҳатдан Хуросоннинг таркибига кирган[1].

Демак, машҳур саркарда Қутайба раҳматуллоҳи алайҳ Хуросоннинг сиёсий таркибида бўлган Мовароуннаҳр диёридаги Фарғона водийсида ўлдирилгани ва қабри ҳам ўз-ўзидан шу водий ҳудудида экани маълум бўлади.

Машҳур тарихчи Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий[2] «Бухоро тарихи»да: «Қутайбанинг қабри (қадимги) Фарғона (водийси)да бўлиб, у Коҳ қишлоғи «Работи Сарҳанг» деган жойда», деб ёзган.

«Ўзбекистон Миллий энциклопедияси»да: «Қутайба ибн Муслим Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани, Коҳ (Гуруч бозор) қишлоғидаги Работи Сарҳанг[3] қабристонида дафн этилган», дейилади.

Валлоҳу аълам...

Абдул Азим ЗИЁУДДИН

[1]Масъудий, «Муружуз заҳаб» (1/263); Заҳабий, «Тарихул Ислом» (44/47); Доктор Али Муҳаммад Саллобий, «Ал-мўғул байнал интишори вал инкисор» (1/100).

[2]Ҳижрий 286 – 348 / мил. 899 – 959 йилларда яшаган. Наршах – Бухоро қишлоқларидан бирининг номи.

[3«Сарҳанг» – форс тилида қўмондон, саркарда, полковник маъноларини беради.

22:45 / 26.06.2020
Тадқиқот
Суннат ва саломатлик (Хатна)
Хатна қилиш: الختان  “Хатна” араб тилидаги  "خَتَنَ" калимасидан олинган бўлиб, “хатна қилмоқ”, “кесмоқ” деган маънони билдиради. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи...
06:34 / 27.06.2020 Батафсил...
Тадқиқот
Суннат ва саломатлик
Бурунга сув олиб ювиш; استنشاق الماء Бурунга сув олиб ювиш фитрат суннатлари ҳақидаги ҳадисда ва бошқа ҳадисларда ҳам кўп таъкидланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллалло...
23:39 / 25.12.2017 Батафсил...
Тадқиқот
Поклик - иймондандир
   Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг жисмонан ва руҳан покланишлари ва икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган барча жиҳатларни баён қилганлар. У зот Ғарбликлар “...
00:24 / 27.06.2020 Батафсил...
Тадқиқот
Омина онамизнинг дояси
  Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким...
08:05 / 13.11.2017 Батафсил...