21 жумадул аввал
1446
МУҲОЖИР ВА АНСОРИЙЛАРНИНГ ЎЗАРО ОҒА-ИНИ БЎЛИШЛАРИНИНГ ИСЛОМДА ТУТГАН ЎРНИ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни жамловчи Масжиди Набавийни қуриш билан бир қаторда тарихда мисли кўрилмаган яна бир ажойиб ишга ҳам қўл урдилар. Яъни муҳожирлар билан ансорларни бир-бирига дўст-биродар тутинтирдилар. Муаррихлар айтадилар: «Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Моликнинг ховлисида муҳожирлар билан ансорларни бир-бирларига дўст-биродар тутинтирдилар. Улар тенг ярми муҳожирлар, тенг ярми эса ансорлардан иборат жами тўқсон киши эдилар. Уларни жонажон дўст ва ўлганидан сўнг меросига қариндошларидан кўра ҳақлироқ бўлган биродар қилдилар. То Бадр ҳодисасига қадар мана шу ҳукмга амал қилиб келинди. Аллоҳ таоло:
«Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол 75) оятини нозил қилганидан кейин биродарлик аҳди сақланиб қолгани ҳолда уларнинг бир-биридан мерос олишлари бекор бўлди.
Баъзи қавлга кўра, муҳожирларнинг ўзларини ҳам бир-бирларига дўст-биродар тутинтирган эканлар. Бироқ аввалгиси собитроқ. Чунки муҳожирлар Ислом биродарлиги, ватандошлик биродарлиги ва насл-насаб жиҳатидан қариндошликлари туфайли яна ўрталарида алоҳида биродарлик аҳди тузилишидан беҳожат эдилар. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги ҳол ундай эмас эди».
Бу биродар тутинтиришларининг маъноси – қабила-уруғчилик руҳи эриб йўқ бўлиб кетиши, насаб, ранг, турли фарқлар орадан кўтарилиши, дўстлик ва душманлик фақат Ислом асосига барпо бўлиши дегани эди. Биродарини ўзидан афзал кўриш, яхши кўрган нарсасини унга илиниш, улфат ва ҳамдард бўлиш ҳис-туйғулари ушбу биродарлик ичига сингиб кетган ва янги жамиятни ҳайратомуз намуналар билан тўлдирган эди.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Муҳожирлар Мадинага келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд Абдураҳмонга: «Мен Мадинанинг энг бой кишилариданман. Мол-мулкимнинг тенг ярмини сизга бўлиб бермоқчиман. Иккита аёлим бор, улардан истаганингизни танланг, мен уни талоқ қилай, иддаси чиққанидан кейин, сиз унга уйланинг», деди. Абдураҳмон: «Аллоҳ оилангизга ва молингизга баракот берсин. Мени бозорга йўллаб қўйинглар», деди. Шундан сўнг уни Бану Қайнуқоъ бозорига йўллаб қўйдилар. Шу куниёқ у (олди-сотди қилиб) бир оз қурут ва сарёғ кўтариб келди. Сўнг эртасига ҳам бозорга йўл олди. Бир куни у кийимида суфра (хушбўй модда) излари кўринган ҳолда келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима гап?», деб сўрагандилар, Абдураҳмон: «Уйландим, ё Расулуллоҳ», деди. «Унга қанча маҳр бердингиз?» дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат беринг», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ансорлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Хурмозорларимизни биз билан биродарларимиз ўртасида тақсим қилинг», дедилар. У Зот: «Йўқ», дедилар. Шунда улар: «Ундай бўлса, сизлар меҳнатига қарашинглар, ҳосилига сизларни шерик қилайлик», дедилар. Улар: «Хўп», дейишди.
Бу ансорларнинг муҳожир биродарларига нисбатан ўта самимий муносабатда бўлганларига, уларга бутун борлиқларини фидо қилишга тайёр бўлганларига ва шу билан бир қаторда муҳожирларнинг ҳам ансорларнинг бу меҳмоннавозликларини қадрлай билганларига, уни суистеъмол қилмасдан, фақат эҳтиёжларига яраша миқдордагисини қабул қилишганига далолат қилади. Дарҳақиқат, бу биродар тутинтириш мислсиз ҳикмат, доно сиёсат, мусулмонлар юзланиб турган кўпгина муаммоларга энг тўғри ечим бўлган эди.
Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлар орасида бир-бирини дўст-биродар қилиб қўйган баъзи саҳобаларнинг рўйхатини келтирамиз:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу – Хорижа бин Зуҳайр розияллоҳу анҳу, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу – Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу, Абу Убайда ибн Абу Жарроҳ розияллоҳу анҳу – Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу – Саъд ибн Рабиъ розияллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – Салама ибн Салама розияллоҳу анҳу,
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – Авс ибн Собит розияллоҳу анҳу, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу – Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу – Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу – Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳу, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу – Абу Дардо розияллоҳу анҳу, Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу – Рувайҳа ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу – Абул Ҳайсам ибн Тайяҳон розияллоҳу анҳу, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу – Кулсум ибн Ҳадм розияллоҳу анҳу, Омир ибн Фуҳайра розияллоҳу анҳу – Ҳорис ибн Авс розияллоҳу анҳу, Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу – Жабр ибн Атиқ розияллоҳу анҳу, Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу – Абу Дужона розияллоҳу анҳу, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу – Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни бир-бирларига биродар тутинтиришдан ташқари, улар ўртасида яна бир аҳдлашув битимини ҳам тузиб, бу билан улар орасида жоҳилият давридан қолган хусуматларни бекор қилдилар ва қабилавий низоларга бутунлай барҳам бердилар ҳамда шу битим туфайли кенг қамровли исломий бирликни вужудга келтиришга эришдилар.
Қуйида мазкур битим бандларини келтирамиз: «Бу Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қурайшлик ва ясриблик мўмин-мусулмонлар ҳамда уларга эргашган, уларга қўшилган ва улар билан бирга жанг қилган кишилар ўртасида (амал қилиниши учун) тузиб берилган келишув бандларидир:
1) улар бошқалар қаршисида ягона умматдирлар;
2) қурайшлик муҳожирлар бир-бирлари билан ўзларининг (Исломдан олдинги) ҳолларида боғланишда давом этадилар. Ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар. Ансорларнинг ҳар бир қабиласи ҳам ўзларининг аввалги ҳолларида бўлиб, илгариги алоқаларини давом эттирадилар. Улардан ҳар бир тоифа ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар;
3) мўминлар фидя ва тўлов кабиларни яхшилик билан бериб, ўрталарида оғирликларни қолдирмайдилар;
4) тақводор мўминлар зулм қилган ёки мўминлар ичида зулм, гуноҳ, адоват ва бузуқлик ёйилишини истаган кишиларга қарши турадилар;
5) унга (яъни тажовузкорга) қарши – гарчи улардан бирининг фарзанди бўлса ҳам – улар бир тану бир жонга айланадилар;
6) мўмин киши кофирнинг муқобилида мўминни ўлдирмайди;
7) мўмин киши мўминнинг зиддига кофирга ёрдам бермайди;
8) Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) ягонадир, энг қуйи даражада бўлган мўминнинг (бировга берган) ҳимояси ҳам барча мўминларга жорийдир;
9) яҳудлар ичидан бизга эргашган кишиларни ўрнак қилинади, уларга ёрдам берилади, улар қаршисига ёрдам берилмайди, уларни мазлум ҳолда қўйилмайди;
10) мўминларнинг силми (иттифоқи) ягонадир, мўмин киши Аллоҳ йўлидаги жангда барча мўминлар билан баробар ва адолатли иттифоқда бўлади;
11) мўминлар Аллоҳ йўлида қонларига етган нарсаларда бир-бирларини ҳимоя қиладилар (яъни бир-бирлари учун қасос оладилар);
12) мушрик кимса Қурайшнинг молини ҳам, жонини ҳам ҳимоя қила олмайди, мўминни ундан тўса олмайди;
13)кимда-ким бир мўминни ноҳақ ўлдирса, ундан қасос олинади. Фақатгина ўлдирилган шахснинг валийси (эгаси) рози бўлсагина (қасос олинмайди);
14) мўминларнинг ҳаммаси унга қарши бўладилар, унга қарши туришдан бошқа нарса уларга ҳалол бўлмайди;
15) мўмин киши учун бирон бидъатчига ёрдам бериш ва унга паноҳ бериш ҳалол бўлмайди. Кимда-ким унга ёрдам берса ёки ўз паноҳига олса, қиёмат куни унга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлади, ундан тавба ҳам, тўлов ҳам қабул қилинмайди;
16) сизлар нимаики нарсада ихтилоф қилсангизлар, уни Аллоҳ азза ва жаллага ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариш (лозимдир).
Мана шундай ҳикматли ишлар ва доно тадбирлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги жамиятнинг пойдеворларини ўрнатдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам янги жамиятни барпо қилишда муҳожир ва ансорларни бир-бирига оға-ини қилиш билан чегараланиб қолмасдан, бу жамиятни мустаҳкам қиладиган, уни емирилиб кетишдан сақлайдиган умумий Ислом одобларини ҳам ўргатдилар.
Бир киши у Зотдан: «Ислом (амаллари)нинг энг яхшиси қайси?» деб сўраган эди: «Таом едиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларингга салом беришинг», деб жавоб бердилар.
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида мен у кишининг олдиларига келдим. Юзларига зеҳн солиб, ёлғончининг юзи эмаслигини билдим. У Зот, аввало, шундай дедилар: «Эй одамлар, саломни ёйингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан алоқа қилингиз, тунлари одамлар ухлаётганда намоз ўқингиз, жаннатга саломатлик ила кирасиз».
У Зот яна айтганлар: «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди».
Яна айтганлар: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир».
Яна айтганлар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймонли бўлмайди».
Яна айтганлар: «Мўминлар битта одамга ўхшашки, агар унинг кўзи оғриса. ҳамма ери оғрийди, боши оғриса, ҳамма ери оғрийди».
Яна айтганлар: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир».
Яна айтганлар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!»
Яна айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади»
Яна айтганлар: «Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади».
Яна айтганлар: «Ён қўшниси оч-наҳор бўла туриб, ўзи тўқ юрадиган одам (комил) иймонли эмас».
Яна айтганлар: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш куфрдир».
У Зот йўлдан озорни четлатишни садақа деб, иймон бўлакларидан бир бўлаги деб санар эдилар.
Саҳобаларни инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб қилиб, унинг фазилатларини таъсирчан сўзлар билан қалбларга жойлаб қўярдилар.
Бир ҳадисларида айтганлар: «Садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчирганидек ўчиради».
Яна айтганлар: «Қайси бир мўмин кийимсиз биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг яшнаб турган либосларидан кийинтиради. Қайси бир мўмин оч биродарини таомлантирса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло унга раҳиқул махтум (яъни соф ва қўл тегмаган, муҳрланган жаннат шаробидан)дан ичиради».
Яна айтганлар: «Яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса-да, у ҳам топилмаса, бир оғиз яхши сўз билан бўлса-да ,дўзахдан сақланингиз!»
Шу билан бир вақтда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраниш ва тиламчиликдан покланишга қаттиқ тарғиб қилардилар, сабру қаноатнинг фазилатларини баён қилардилар, қаттиқ эҳтиёжсиз сўраниб юришни сўровчининг юзига етадиган тирналиш ва нуқсон деб санардилар.
Уларга ибодатларнинг фазилатларини ва ибодатлар учун Аллоҳ ҳузурида бериладиган ажру савобларни баён қилиб берардилар, уларни ўзларига самодан нозил бўлаётган ваҳий билан чамбарчас боғлаб қўярдилар, уни уларга ўқиб берардилар, улар ҳам бу каломи илоҳийни ўқишарди. Бу билан у Зот асҳоблари даъватнинг ҳаққини ва рисолатнинг масъулиятини англашларини ва тадаббур қилишларини, нафақат англаш ва тадаббур қилиш, балки бу борада ўз зиммаларида бўлган бурчларини ҳис қилишларини истар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу йўллар билан уларнинг дунёқарашларини тарбиялар, маънавиятларини юксакликка кўтариб, иқтидорларини уйғотар, уларга энг олий ўлчов ва мезонларни тақдим этардилар. Шу билан улар башарият тарихида пайғамбарлардан кейинги ўринда турадиган энг юксак камолат чўққиларини эгалладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким эргашмоқчи бўлса, дунёдан ўтганларга эргашсин, чунки тирик жон фитнадан омонда бўлмайди. Улар (яъни дунёдан ўтиб кетганлар) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидир. Улар бу умматнинг афзаллари, қалби поклари, билими чуқурлари ва такаллуфи камлари бўлиб, Аллоҳ у инсонларни ўз Пайғамбарига ҳамсуҳбат бўлиш ва ўз динини ўрнатиш учун танлагандир. Уларнинг қадрини, фазлини билингиз, изларидан эргашингиз! Қодир бўлганингиз қадар уларнинг ахлоқ ва сийратларини маҳкам тутингиз! Чунки улар тўғри йўлда бўлганлар».
Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк йўлбошчи сифатида шундай маънавий ва зоҳирий сифатлар, олий фазилатлар, юксак иқтидор ва камолот, чиройли ахлоқ ва гўзал амалларни ўз шахсиятларида мужассамлаштирган эдиларки, мазкур сифатлар инсонларнинг қалбларини у Зот сари интиладиган ва садоқат изҳор этадиган қилиб қўйган эди. Асҳоблари у Зотнинг бир оғиз сўзларини бажаришга ошиқишар, бирор кўрсатма ёки тавсия берсалар, унга амал қилишга ўзаро мусобақалашар эдилар.
Ана шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада инсоният тарихида мисли кўрилмаган янги бир жамият барпо қилишга, замона гирдоблари ва жаҳолат зулматлари ичра қолиб келаётган инсониятнинг муаммоларига ечим топиб беришга қодир бўлдилар. Давр йўналишини ва тарих чархпалагини бутунлай бошқа йўналишга буриб юборган бу жамиятнинг асоси мана шундай юксак маънавиятлар билан такомиллашган эди.
Абдулазиз Мансурхўжа ўғли.
01:04 / 27.06.2020
4867
Аввалги мақола
Илк Рамазон рўзасига мушарраф бўлган икки мусулмон
Мақолалар
3441
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар