Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжиднинг шифти хурмо шохлари устига ёпилган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша шохлардан бирига суяниб туриб хутба қилар эдилар. У Зотга минбар қилиб берилганда ва у Зот унга чиққанларида ҳалиги шохнинг ҳомиласига ўн ой тўлган туянинг овозига ўхшаш овозини эшитдик. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унинг устига қўлларини қўйган эдилар, у жим бўлди.
Бошқа бир ривоятда: «Жума куни бўлганда ва у Зот минбарга кўтарилганларида, хурмо бувак йиғлагандек овоз чиқарди», дейилган.
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Бас, хурмо шохи урғочи туя зорлангандек зорланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб уни ушлаган эдилар, сокин бўлди», дейилган».