22 жумадул аввал 1446
Набавий суҳбат завқи

Оналаримизни бирма-бир кўриб, ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, кимнинг навбати бўлса, ўшанинг ҳузурида қолиб, нонушта қилардилар. Овқат бўлмаса, бироз суҳбатлашиб, масжидга қайтиб кирар ва Равзаи шарифа тўғрисидаги «Сориятул муҳожирин» устуни олдида таҳийятул масжид намозини ўқирдилар. Одатда шу устун олдида ўқишга ҳаракат қилардилар[1]. Сўнг масжиднинг шарқий томонидаги Оиша онамизнинг ҳужраларига суяниб ўтирардилар. Бу пайтда саҳобалар атрофларида жамланиб набавий иршоддан баҳра олишарди.

Бу суҳбат деярли доимий бўларди. Ҳатто бир одам хоҳлаган кун шу пайтда масжидга келса, у зотни, албатта, ўша ердан топар оларди.

Саҳобалар сони гоҳида кўпайиб, гоҳида камаярди. Бундай ҳолатнинг юзага келиши уларнинг бўш ва бандликларига қараб бўларди. Агар саҳобалар сони кам бўлса ҳалқа шаклида ўтириб олиб, суҳбатни тинглашар, агар ададлари кўп бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки томонларидан ўтириб ўртани очишарди. Шунинг учун ҳожати бор одам у зотга тўғри келиб мурожат қила оларди[2].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўта фасоҳат билан сўзлардилар. Ўтирганлардан бирор киши тушунмай қолмасди. Сўзларининг орасини очиб очиб гапирардилар. Жуда тез ҳам эмас, жуда секин ҳам эмас. Муҳим гапларни уч марта такрорлаб айтардилар[3]. Тингловчиларга у зотнинг суҳбатлари ва тутган йўллари ёқар эди. Тингловчилар яхши англаши ва айтган сўзлари уларнинг қалбларида яхши ўрнашиши учун гоҳида суҳбат услубларини ўзгартириб, савол билан бошлардилар. Мисол учун: «Сизларга гуноҳи кабиралар ҳақида хабар бермайинми?» – деганларида, саҳобалар: «Албатта, хабар беринг, эй Расулуллоҳ!» – деб жавоб беришди. Улар бундай ҳолда жавобни ўта интиқлик билан кутишарди.

Гоҳида эса айтмоқчи бўлган нарсаларини савол тарзида тингловчилар ўртасига ташлар, улар томонидан айтилган ҳар бир жавобни охиригача тинглар ва агар жавобни топишолмаса, ўзлари тўғри жавобни айтардилар. Бундан кўзлаган асосий мақсадлари, суҳбатнинг асл мазмун ва моҳияти саҳобаларнинг қалбида ўрнашишини истардилар.

Мисол тариқасида қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин:

وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَنِ الْمُفْلِسُ؟» قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لاَ دِرْهَمَ لَهُ وَلاَ مَتَاعَ. فَقَالَ: «إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلاَةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي وَقَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يَقْضِيَ مَا عَلَيْهِ، أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ، ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Синган киши кимлигини биласизларми?» – деганларида, саҳобалар: «Биздаги синган киши тушунчаси дирҳами ва матоси йўқ кимсадир», – дейишди. Шунда у зот: «Менинг умматимдаги синган киши Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади-да, лекин кимнидир сўккан, кимнидир зинода айблаган, бировнинг молини еган, кимнингдир қонини тўккан ҳамда ургани сабабли яхшиликларидан унга ва бунга (яъни, юқоридаги мазлумларнинг барчасига) улашиб берилади. Агар яхшилиги зиммасидаги ҳақни адо қилмасдан олдин тугаб қолса, у ҳолда ҳақдорларнинг хатоларидан унинг устига ташлаб, сўнгра жаҳаннамга улоқтирилади», – дедилар»[4].

Гоҳида эса бир нарсани яхши англаб етишлари учун уни мисол ёки зарбулсамас тарзида тушунтиришга ҳаракат қилар ва бунда ҳам савол-жавоб йўлини тутардилар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَخْبِرُونِي بِشَجَرَةٍ تُشْبِهُ أَوْ كَالرَّجُلِ الْمُسْلِمِ لَا يَتَحَاتُّ وَرَقُهَا وَلَا وَلَا وَلَا، تُؤْتِي أُكْلَهَا كُلَّ حِينٍ». قَالَ ابْنُ عُمَرَ: فَوَقَعَ فِي نَفْسِي أَنَّهَا النَّخْلَةُ، وَرَأَيْتُ أَبَا بَكْرٍ وَعُمَرَ لَا يَتَكَلَّمَانِ، فَكَرِهْتُ أَنْ أَتَكَلَّمَ، فَلَمَّا لَمْ يَقُولَا شَيْئًا قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هِيَ النَّخْلَةُ». فَلَمَّا قُمْنَا قُلْتُ لِعُمَرَ: يَا أَبَتَاهُ، وَاللهِ لَقَدْ كَانَ وَقَعَ فِي نَفْسِي أَنَّهَا النَّخْلَةُ، فَقَالَ: مَا مَنَعَكَ أَنْ تَكَلَّمَ؟ قَالَ: لَمْ أَرَكُمْ تَكَلَّمُونَ، فَكَرِهْتُ أَنْ أَتَكَلَّمَ أَوْ أَقُولَ شَيْئًا. قَالَ عُمَرُ: لَأَنْ تَكُونَ قُلْتَهَا أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ كَذَا وَكَذَا

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот: «Менга айтинглар-чи, қайси дарахт мусулмон кишига ўхшайди? На барглари тўкилади, на... на.. на... ҳар доим мева беради», дедилар. Кўнглимга бу хурмо деган фикр келди-ю, Абу Бакр ва Умарнинг гапирмаганини кўриб, тек турдим. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, у зотнинг ўзлари: «У хурмодир», дедилар. Турган пайтимиз (отам) Умарга: «Эй отажон, Аллоҳга қасамки, унинг хурмо экани кўнглимга келган эди», дедим. «Сени гапиришдан нима тўсди?» дедилар. «Сизларнинг гапирмаганингизни кўриб, гапиргим ёки бирор нима дегим келмади», дедим. Отам: «Айтганингда, мен учун фалон‑фалон нарсалардан ҳам севимли бўларди», дедилар»[5].

Ўта муҳим гапларни айтаётганда ҳолатларини ўзгартириб, ўша сўзни қайта-қайта такрорлардилар. Ҳатто саҳобалар раҳмлари келиб: «Қани энди тўхтасалар эди», – дейишар экан.

Мисол учун гуноҳи кабиралар ҳақида гапириб турганларида, бир нечасини ёнбошлаган ҳолда баён қилдилар, аммо ёлғон гапириш масаласига келганда, жойлашиб ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинг, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», – дедилар.

Гоҳида айтмоқчи бўлган нарсаларини ерга чизиб кўрсатиш орқали тушунтирардилар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَّ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَطًّا مُرَبَّعًا، وَخَطَّ خَطًّا فِي الْوَسَطِ خَارِجًا مِنْهُ، وَخَطَّ خُطُطًا صِغَارًا إِلَى هَذَا الَّذِي فِي الْوَسَطِ، مِنْ جَانِبِهِ الَّذِي فِي الْوَسَطِ وَقَالَ: «هَذَا الْإِنْسَانُ، وَهَذَا أَجَلُهُ مُحِيطٌ بِهِ - أَوْ قَدْ أَحَاطَ بِهِ - وَهَذَا الَّذِي هُوَ خَارِجٌ أَمَلُهُ، وَهَذِهِ الْخُطُطُ الصِّغَارُ الْأَعْرَاضُ، فَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا نَهَشَهُ هَذَا، وَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا نَهَشَهُ هَذَا»

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга тўртбурчак чиздилар. Ўртасига ундан ташқарига чиқадиган қилиб бир чизиқ чиздилар. Мана шу ўртадагисининг икки ёнига кичкина чизиқлар чизиб: «Мана бу инсон. Мана бу уни ўраб турадиган [ёки ўраб турган] ажали. Мана бу, ташқаридагиси – унинг орзуси. Мана бу кичик чизиқлар кўргиликлар. Буниси тегмай қолса, униси домига тортади, униси тегмай қолса, буниси домига тортади», дедилар[6].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбат мажлислари илм, иршод, панд-насиҳатдан иборат бўлиб, унда фақат муаллим гапирмас эди. Тингловчи саҳобалар ҳам гапирар, гоҳида бирор масала борасида ўзаро муҳокама қилишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимдаги бу услублари ақлий англаш савиясини оширадиган ва фикрни чархлайдиган мулоқот услуби эди.

Гоҳида суҳбат қилиб турганларида саҳобалар янги туғулган чақалоқни олиб келишар, у зот кичкинтойга исм қўяр, танглайини кўтариб, ҳақига барака тилаб дуо қилардилар.

Имом Бухорий ривофт қилган ҳадисни бунинг гувоҳи бўлишимиз мумкин:

عَنْ سَهْلٍ قَالَ: أُتِيَ بِالْمُنْذِرِ بْنِ أَبِي أُسَيْدٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ وُلِدَ، فَوَضَعَهُ عَلَى فَخِذِهِ وَأَبُو أُسَيْدٍ جَالِسٌ، فَلَهَا النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشَيْءٍ بَيْنَ يَدَيْهِ، فَأَمَرَ أَبُو أُسَيْدٍ بِابْنِهِ فَاحْتُمِلَ مِنْ فَخِذِ النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَاسْتَفَاقَ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَيْنَ الصَّبِيُّ؟» فَقَالَ أَبُو أُسَيْدٍ: قَلَبْنَاهُ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «مَا اسْمُهُ؟» قَالَ: فُلَانٌ. قَالَ: «وَلَكِنْ أَسْمِهِ الْمُنْذِرَ». فَسَمَّاهُ يَوْمَئِذٍ الْمُنْذِرَ

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келишди. У зот тиззаларига қўйдилар. Абу Усайд ҳам ўтирган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидаги бир нарсага чалғиб қолдилар. Абу Усайд ишора қилган эди, ўғлини секин тиззаларидан кўтариб, олиб кетишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола қани?» дедилар. Абу Усайд: «Қайтариб юбордик, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот: «Исми нима эди?» дедилар. «Фалончи», деди. «Сен унга Мунзир деб исм қўй», дедилар. Унга ўша куни Мунзир деб исм қўйилди»[7].

Гоҳида эса, суҳбат қуриб турганларида саҳобалар янги пишган меваларни келтиришар ва Мадинада пишган илк мевани биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тановул қилсинлар, дейишарди. Мева-чева, экин-тикинлар ҳақига барака сўраб дуолар қилишларидан умидвор бўлишарди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келтирилган мевани кўриб хурсанд бўлар, Мадина экин-тикинларини баракотли қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилар ва мевани масжид атрофида юрган ёш болаларни чақириб бериб юборардилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّهُ قَالَ كَانَ النَّاسُ إِذَا رَأَوْا أَوَّلَ الثَّمَرِ جَاءُوا بِهِ إِلَى النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فَإِذَا أَخَذَهُ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِى ثَمَرِنَا وَبَارِكْ لَنَا فِى مَدِينَتِنَا وَبَارِكْ لَنَا فِى صَاعِنَا وَبَارِكْ لَنَا فِى مُدِّنَا اللَّهُمَّ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ عَبْدُكَ وَخَلِيلُكَ وَنَبِيُّكَ وَإِنِّى عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ وَإِنَّهُ دَعَاكَ لِمَكَّةَ وَإِنِّى أَدْعُوكَ لِلْمَدِينَةِ بِمِثْلِ مَا دَعَاكَ لِمَكَّةَ وَمِثْلِهِ مَعَهُ ». قَالَ ثُمَّ يَدْعُو أَصْغَرَ وَلِيدٍ لَهُ فَيُعْطِيهِ ذَلِكَ الثَّمَرَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саҳобалар илк пишган мевани кўришса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келсалар, у зот қўлларига олиб: «Эй Аллоҳим! Бизга мевамизни баракали қилгин. Бизга шаҳримизни баракали қилгин. Бизга соъимизни[8] баракали қилгин. Бизга муддимизни[9] баракали қилгин. Эй Аллоҳим! Иброҳим қулинг, халилинг ва набийингдир. Мен ҳам қулинг ва набийингман. Иброҳим Макка учун дуо қилди. Мен эса у худди Маккага дуо қилганлари каби Мадина учун дуо қиламан», деб дуо қилардилар. Сўнгра ўша атрофдаги энг кичкина болани чақириб, мевани унга берардилар[10].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зиқна ва инжиқ эмасдилар. Саҳобалар ҳазиллашса, улар билан бирга қўшилиб кулардилар. Гоҳида ўзлари ҳам рост ҳазил қилиб турардилар. Лекин бу билан мажлисдаги виқор ўз ҳайбатини йўқотмасди. Ҳазилларига асло ёлғон-яшиқни аралаштирмасдилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَوْمًا يُحَدِّثُ وَعِنْدَهُ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْبَادِيَةِ: «أَنَّ رَجُلًا مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ اسْتَأْذَنَ رَبَّهُ فِي الزَّرْعِ، فَقَالَ لَهُ: أَلَسْتَ فِيمَا شِئْتَ؟ قَالَ: بَلَى، وَلَكِنِّي أُحِبُّ أَنْ أَزْرَعَ. قَالَ: فَبَذَرَ فَبَادَرَ الطَّرْفَ نَبَاتُهُ وَاسْتِوَاؤُهُ وَاسْتِحْصَادُهُ، فَكَانَ أَمْثَالَ الْجِبَالِ، فَيَقُولُ اللهُ: دُونَكَ يَا ابْنَ آدَمَ، فَإِنَّهُ لَا يُشْبِعُكَ شَيْءٌ». فَقَالَ الْأَعْرَابِيُّ: وَاللهِ لَا تَجِدُهُ إِلَّا قُرَشِيًّا أَوْ أَنْصَارِيًّا، فَإِنَّهُمْ أَصْحَابُ زَرْعٍ، وَأَمَّا نَحْنُ فَلَسْنَا بِأَصْحَابِ زَرْعٍ. فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гап бошладилар: «Жаннат аҳлидан бир киши Роббидан экин экишга изн сўради. У Зот: «Ахир хоҳлаганинг муҳайё эмасми?» деди. У: «Шундай, лекин мен экин экишни яхши кўраман-да», деди. У уруғ сепди. Кўз юмиб-очгунча улар униб, қад кўтариб, ўримга келиб, тоғлардек бўлиб кетди. Шунда Аллоҳ: «Ол, эй Одам боласи! Ўзи сени ҳеч нарса тўйдира олмайди!» деди». Олдиларида бир саҳройи киши бор эди. Ўша аъробий: «Аллоҳга қасамки, у ё қурайшлик, ё ансорий бўлади. Чунки ўшалар деҳқон, биз эса деҳқон эмасмиз», – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар»[11].

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир саҳобий келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга улов беринг», деди. У зот: «Сенга минишинг учун туя боласидан бераман», деганларида, ҳалиги одам ҳайрон қолиб: «Туя боласини нима қиламан? Унга миниб бўлмайди-ку?» деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум билан: «Ахир миниладиган катта туя ҳам, аслида туянинг боласи-ку», деб ҳазиллашдилар. Шунда саҳобалар кулиб юборишди[12].

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларда истиғфор айтардилар. Саҳобалар у зотнинг айтган истиғфорларини санашарди. Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбат мажлисидан туриб кетаётганларида:

رَبِّ اغْفِرْ لِي وَ تُبْ عَلَيَّ، إنَّكَ أنْتَ التَّوَّابُ الغَفُورُ

«Роббиғфирли, ва туб алайя. Иннака антат таввабул ғофур», – деб юз марта айтардилар[13].

Маъноси: «Роббим, мени мағфират қил ва тавбамни қабул айла. Зеро, Сен тавбаларни қабул қилувчи Ғафур – кечиримли зотсан».

Ушбу мажлислар фақат саҳобалар билан суҳбатлашиш учун ташкил қилинмасдан, балки бошқа ўлка ва диёрлардан келган меҳмонларни кутиб олиш учун ҳам мўлжалланарди.

Кунларнинг бирида Музор қабиласидан бир неча киши келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг кийган кийими ва ҳолидан камбағаллигини билдилар-да, ансор ва муҳожирларни эҳсон қилишга чорладилар. Кўп ўтмай озиқ-овқат ва кийим кечакдан иборат иккита катта уюм ҳосил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсаларни музорликларга ҳадя қилдилар.

Машҳур ҳадисда баён қилинган оппоқ кийимда Жаброил алайҳиссалом келишлари айнан мана шу доимий ташкил қилинадиган тонгги мажлисда бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Гоҳида ушбу мажлисга бир қавм ёки қабила номидан элчи бўлиб, динни ўрганиб, қавмига бориб ўргатишни қасд қилган кишилар ҳам келишарди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Туя минган бир киши кирди-да, масжидда туясини чўктириб, тушовлади. Кейин: «Қай бирингиз Муҳаммадсиз?» – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар орасида суяниб ўтирган эдилар. «Мана бу суяниб ўтирган нуроний киши», – дедик. «Эй Абдулмутталибнинг ўғли!» – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга жавоб бердим-ку», – дедилар. «Мен сиздан савол сўрайман ва сўрашда талабчанлик ҳам қиламан, мендан аччиқланманг», – деди.

У зот: «Истаганингни сўра», – дедилар.

«Роббингиз ва сиздан аввалгиларнинг Робби ҳаққи сўрайман, одамларнинг барчасига сизни Аллоҳ юбордими?» – деди.

«Ҳа, Аллоҳ ҳаққи», – дедилар.

«Сиздан Аллоҳ ҳаққи сўрайман, бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишимизни сизга Аллоҳ буюрдими?» – деди.

«Ҳа, Аллоҳ ҳаққи», – дедилар.

«Сиздан Аллоҳ ҳаққи сўрайман, йилнинг мана шу ойида рўза тутишимизни сизга Аллоҳ буюрдими?» – деди.

У зот: «Ҳа, Аллоҳ ҳаққи», – дедилар.

«Аллоҳ ҳаққи сўрайман, ушбу закотни бойларимиздан олиб, камбағалларимизга тақсимлаб беришингизни сизга Аллоҳ буюрдими?» – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, Аллоҳ ҳаққи», – дедилар. Шунда у киши: «Сиз келтирган нарсага иймон келтирдим. Мен ўз қавмимнинг элчисиман. Мен – Бану Саъд ибн Бакрлик Зимом ибн Саълабаман», – деб кетди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Бу динни яхши англади. Содиқлигида қолса, аниқ жаннатга киради», – дедилар»[14].

Бу набавий мажлисга саҳобалар имкон қадар иштирок этишга уринишарди. Лекин ҳамма ҳам ҳар доим ҳозир бўлолмасди. Шунинг учун улар ўзаро келишиб, навбатма-навбат иштирок этишарди. Айрим сабабларга кўра кела олмаган  саҳобалар шерикларидан бу ҳақда сўраб, билиб олишарди. Хусусан, Мадинанинг чекка жойларида турадиган саҳобалар шериги билан келишиб, бир кун у, бир кун буниси келиб кетарди.

Худди шундай ҳолат Умар розияллоҳу анҳуда ҳам бўлиб турарди. Бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай дейдилар:

«Мен бир ансорий қўшним билан Бану Умайя ибн Зайд(ерлари)да эдик. У ер Мадинанинг аволийларидан[15] эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига тушишда навбатлашар эдик. Бир кун у тушарди, бир кун мен. Қачон мен тушсам, унга ўша куннинг хабарларини – ваҳий ва бошқа нарсаларни келтирар эдим. У ҳам қачон тушса, худди шундай қиларди. Ансорий танишим ўз навбати куни тушди. Кейин (қайтиб келди ва) эшигимни қаттиқ тақиллатиб: «У шу ердами?!» – деди. Қўрқиб кетиб, олдига чиқдим. «Жуда улкан иш содир бўлди», – деди. Кейин Ҳафсанинг ёнига кирсам, у йиғлаётган экан. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни талоқ қилдиларми?» – дедим. «Билмайман», – деди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, тик турган ҳолда: «Аёлларингизни талоқ қилдингизми?» – дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ», – дедилар. «Аллоҳу акбар!» – дедим»[16].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мажлисда оддий бандадек ўтирардилар. У кишини саҳобалардан ажратиб турувчи алоҳида тахтлари йўқ эди. Шунинг учун, бадавий – узоқдан келган кишилар у зотни оддий саҳобалардан ажрата олмас ва: «Ораларингизда Абдулмутталибнинг ўғли ким?» – деган ҳоллари ҳам бўлиб турарди. Ўтирганлар: «Мана нур таратиб турган киши», – деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилишарди.

Лекин кейинчалик, аниқроғи ҳаётларининг охирида четдан келган одам қийналмаслиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатлари билан саҳобалар у зотга лойдан курсича ясаб беришди[17].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобалар билан жуда илиқ ва хушмуомалада бўлганларидан, уларнинг ҳар бири: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кўп мени яхши кўрадилар», – деб ўйлашарди.

Келган ҳадяни саҳобалар билан бирга тановул қилардилар.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу шундай дейди:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зотга идишда сарид[18] ҳадя қилинди. Биргаликда тановул қилдик. Бу ҳол пешин намозига яқин давом этди. Саҳобалардан бир гуруҳи келиб овқатланиб кетар, кейин кейингиси келиб, таомланарди»[19].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта саховатли зот эдилар. Мадинада йўқчиллик пайтда бир қўй ҳадя қилинди. У зот аҳлларига: «Бу қўйни овқатга тайёрлаб, нон аралаштириб, сарид қилинглар», – дедилар. Тўрт кишигина кўтара оладиган «Ғарро» номли идишлари бор эди[20]. Тонг отиб, намоз ўқишди. Зуҳо вақти келгач саҳобалар чошгоҳ намозини ўқиб олишди. Сўнг «Ғарро» идишларида сарид таоми олиб келтирилди. Саҳобаларга: «Аллоҳ азза ва жалла мени саховатли қилди. Зиқна ва қайсар эмасман. Идишнинг атрофидан енглар, ўртасини қолдиринглар. Барака ўртасига тушиб туради», – дедилар[21].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тонгги суҳбатлари ҳолатга қараб гоҳида узоқ давом этар, гоҳида эса қисқароқ бўларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисдан туриб кетишдан олдин доим қуйидаги дуони айтардилар:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду ан ла илаҳа илла анта. Астағфирука ва атувбу илайк»[22].

Маъноси: «Аллоҳим, сенга ҳамд айтиш ила поклигингни эътироф этаман. Гувоҳлик бераманки, сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан».

Саҳобаларининг ҳақларига қуйидаги дуони айтмасдан туриб кетишлари камдан кам ҳолларда кузатиларди:

«اللَّهُمَّ اقْسِمْ لَنَا مِنْ خَشْيَتِكَ مَا يَحُولُ بَيْنَنَا وَبَيْنَ مَعَاصِيكَ وَمِنْ طَاعَتِكَ مَا تُبَلِّغُنَا بِهِ جَنَّتَكَ وَمِنَ الْيَقِينِ مَا تُهَوِّنُ بِهِ عَلَيْنَا مُصِيبَاتِ الدُّنْيَا وَمَتِّعْنَا بِأَسْمَاعِنَا وَأَبْصَارِنَا وَقُوَّتِنَا مَا أَحْيَيْتَنَا وَاجْعَلْهُ الْوَارِثَ مِنَّا وَاجْعَلْ ثَأْرَنَا عَلَى مَنْ ظَلَمَنَا وَانْصُرْنَا عَلَى مَنْ عَادَانَا وَلاَ تَجْعَلْ مُصِيبَتَنَا فِى دِينِنَا وَلاَ تَجْعَلِ الدُّنْيَا أَكْبَرَ هَمِّنَا وَلاَ مَبْلَغَ عِلْمِنَا وَلاَ تُسَلِّطْ عَلَيْنَا مَنْ لاَ يَرْحَمُنَا»

«Аллоҳумма иқсим лана мин хошятика ма яҳувлу байнана ва байна маъосийк. Ва мин тоъатика ма тубаллиғуна биҳи жаннатак. Ва минал яқийни ма туҳаввину биҳи ъалайна мусийботид дуня. Ва маттиъна биасмаъина ва абсорина ва қувватина ма аҳяйтана. Важъалҳул вориса минна. Важъал саърана ала ман золамана. Вангсурна ъала ман ъаадаана. Вала тажъал мусийбатана фи дийнина. Ва ла тажъалид дуня акбара ҳаммина, ва ла маблаға илмина. Ва ла тусоллит ъалайна ман ла ярҳамуна»[23].

Маъноси: «Аллоҳим, Сенга осийлик қилишдан бизни тўсадиган қўрқувни ва жаннатингга етказадиган тоатингни ҳамда дунё мусибатларини бизга енгиллаштирадиган яқийнни (тўла ишончни) улуш қилиб бер. Аллоҳим, тириклигимизда қулоғимиз, кўзимиз ва қувватимиз ила нафлантириб, уни бизга меросхўр қил (Яъни, вафот этгунимизча омонда қил). Ўчимизни бизга нисбатан зулм қилганларга қарат! Душманларимиз зиёнига бизга нусрат бер. Мусибатимизни динимизда қилма. Дунёни энг катта ғамимиз ва илмимизни етмайдиган даражада ҳам қилма. Ва раҳм қилмайдиганларни бизга бошлиқ этма».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Аллоҳни зикр қилиш билан кифояланиб қолмасдан, саҳобаларини ҳам Аллоҳнинг зикрига ундардилар. Зикрсиз туриб кетмасликни уқтириб: «Бирор қавм Аллоҳ таолони зикр қилмасдан, мажлисдан турадиган бўлса, гўёки ўлик эшак устидан туриб кетгандек бўлишади. Ва бу мажлис ўзларига надомат олиб келади», – дер эдилар[24].

Шундан сўнг маърифий суҳбат тугаб, саҳобалар ишларига ёки бироз қайлула (мизғиб олиш) учун уйларига кетишарди.



[1] «Табақот Ибн Саъд», «Саҳиҳ Муслим», «Саҳиҳ Бухорий», «Сунан Ибн Можа» ва «Сунан Байҳақий» китобларига қаралсин.

[2]  «Сунан Абу Довуд» китобига қаралсин.

[3] «Муснад Аҳмад», «Сунан Термизий», «Саҳиҳ Бухорий», «Сунан Абу Довуд» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.

[4] Имом Муслим ривояти

[5] Имом Муслим ривояти

[6] Имом Бухорий ривояти

[7] Имом Бухорий ривояти

[8] Соъ ҳажмда 2,750 литр, оғирликда 2,040 килограммга тенг бўлган ўлчов бирлиги.

[9] Мудд ҳажмда 0,6875 литр, оғирликда 1,020 килограммга тўғри келади.

[10] Имом Муслим ривояти

[11] Имом Бухорий ривояти

[12] «Муснад Аҳмад» ва «Сунан Абу Довуд»  китобларига қаралсин.

[13] «Муснад Аҳмад», «Муснад Абд ибн Ҳумайд», «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон», «Сунан Абу Довуд» ва «Сунан Ибн Можа» китобларига қаралсин.

[14] Имом Бухорий ривояти

[15] Аволий – Мадинадан шарқ томонга икки милдан саккиз милгача бўлган масофадаги жойлар ва кичик қишлоқларнинг номи.

[16] «Саҳиҳ Муслим», «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон», «Саҳиҳ Бухорий», «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[17] «Муснад Баззор», «Саҳиҳ Муслим», «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.

[18] Сарид – таом тури бўлиб, «тўғрамча» деганидир. Гўштни узоқ, озгина суви қолгунча қайнатиб, сўнг буғдой нон тўғралади ва устидан гўштнинг шўрваси қуйилади. Кейин гўштни майдалаб, ноннинг юзига териб чиқилади ва устидан озгина сирка сепилади. Сарид арабларнинг энг ёқимли ва фойдали таоми ҳисобланган.

[19] «Мусаннаф Ибн Абу Шайба», «Муснад Аҳмад», «Сунан Доримий», «Далоилун нубувват» ва «Сунан Термизий» китобларига қаралсин. 

[20] «Сунан Абу Довуд», «Тариху Ибн Асокир» ва «Ахлоқун набий» китобларига қаралсин.

[21] «Сунан Абу Довуд», «Сунан Ибн Можа», «Сунан Байҳақий»  ва «Шуъабул иймон» китобларига қаралсин.

[22] «Муснад Аҳмад», «Сунан Абу Довуд», «Сунан Доримий» ва «Муснад Баззор» китобларига қаралсин.

[23] «Сунан Термизий», «Сунан Насоий» ва «Шарҳи сунан Бағавий» китобларига қаралсин.

[24] Абу Довуд ривояти.

13:53 / 03.02.2018
Шамоил
«Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатдан мени кўрибди»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ، قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ أَبِي الأَحْوَصِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، عَن...
12:03 / 06.09.2023 Батафсил...
Шамоил
«Биз мерос қолдирмаймиз»
حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنِيعٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا حُسَيْنُ بْنُ مُحَمَّدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا إِسْرَائِيلُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ عَمْرِو بْنِ الْحَارِثِ، أَخِي جُوَيْرِيَةَ لَهُ صُحْبَةٌ، قَالَ...
14:44 / 28.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Мени ўзим ҳам умматимга фаратман»
حَدَّثَنَا نَصْرُ بْنُ عَلِيٍّ الْجَهْضَمِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ اللهِ بْنُ دَاوُدَ، قَالَ: حَدَّثَنَا سَلَمَةُ بْنُ نُبَيْطٍ، عَنْ نُعَيْمِ بْنِ أَبِي هِنْدَ، عَنْ نُبَيْطِ بْنِ شَرِيطٍ، عَنْ...
15:13 / 23.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Расулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот этдилар»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، وعياش العنبرى , وسوار بن عبد الله , وغير واحد , قالوا: أخبرنا يحيي بن سعيد , عن سفيان الثورى , عن موسى بن أبي عائشة , عن عبيد الله , عن ابن عباس وعائشة: أن أبا بكر...
17:31 / 21.08.2023 Батафсил...