9 рабиъус сони 1446
Расулуллоҳнинг тунлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтоннинг фарзини ўқиб бўлгач, уйга кириб, икки ракъат суннатни[1] ўқиб олардилар. Сўнг аҳллари билан суҳбатлашиб ўтирардилар.

Гоҳида ансорий саҳобаларнинг олдига бориб, улар билан суҳбатлашар, гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйларида Умар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумо билан мусулмонлар иши борасида суҳбатлашардилар. Уйга қайтишда Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтар ва у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб уйига кириб кетар эди[2].

Гоҳида қайтаётганда йўлда чиройли товуши билан Қуръон тиловат қилаётган саҳобага дуч келиб, унинг ўзига билдирмай қироатини эшитиб ўтирардилар. Бир куни тунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръон тиловат қилаётганини кўриб қолиб, унга билдирмай Қуръон ўқишини эшитиб ўтирдилар. Эртасига эса Абу Мусо розияллоҳу анҳуни кўриб:

«لَوْ رَأَيْتَنِى وَأَنَا أَسْتَمِعُ لِقِرَاءَتِكَ الْبَارِحَةَ لَقَدْ أُوتِيتَ مِزْمَارًا مِنْ مَزَامِيرِ آلِ دَاوُدَ»

«Кеча тунда сенинг қироатингни эшитиб турганимни кўрганингда эди. Ҳақиқатан ҳам сенга Оли Довуднинг «най»[3]ларидан бири берилган‑да!» – дедилар[4].

Бир куни тунда икки соҳиблари Абу Бакр ва Умар билан масжидга кирдилар. Қарасалар, Абдуллоҳ ибн Масъуд намозда Нисо сурасини тиловат қилаётган экан. Унинг қироатини эшитиш учун туриб қолдилар ва Абу Бакр ҳамда Умарга:

«مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَقْرَأَ الْقُرْآَنَ رَطْبًا كما أُنْزِلَ فَلْيَقْرَأْ قِرَاءَةَ بن أُمِّ عَبْدٍ»

«Қуръонни тоза нозил бўлгандек қироат қилиш кимни хурсанд қиладиган бўлса Ибн Умми Абднинг қироатида ўқисин», – дедилар[5].

Тунги пайт масжидга кирсалар, аҳли суффадан уйғоқ саҳобалар эшитадиган қилиб паст овозда салом берар, ухлаганларни уйғотиб юбормасдилар. Сўнг уйларига киришдан олдин масжидда намоз ўқиб, кейин ҳужраларига кириб кетардилар[6].

Уйларига киргач, ухлашни истасалар кийимларидан енгил бўлиб олардилар. Бир хирқани олиб тўшакларининг бошига қўяр ва уни изор[7] қилиб олар, сўнг икки кийимларини ечиб уларни илиб қўяр ва ёпинчиқ олиб, тўшакка аёллари билан кирардилар. У зотнинг тўшак ва ёстиқлари теридан қилинган, ичига хурмо барги тўлдирилган эди. Ўша ёстиққа ўзлари ва аёллари бош қўйишарди[8].

Ухлашни ирода қилсалар бошлари олдига мисвок қўйиб ётардилар. Уйғонганда уни ишлатардилар. Хоҳ кундузи бўлсин, хоҳ тунда бўлсин, уйғонганда биринчи қиладиган ишлари мисвок ишлатиш эди.

Оиша онамизга ишлатилган мисвокни ювиб бериш учун берсалар, Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак хушбўй сўлакларидан насибадор бўлиш учун ювишдан олдин тишларини мисвок қилиб олар, кейин уни ювиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатардилар[9].

Гарчи оғизлари хушбўй бўлса-да, мисвокни ҳар доим олдиларида олиб юрар ва уни жуда кўп ишлатардилар. Бундан кўзлаган мақсадлари умматларига таълим бериш ва фаришталарнинг суҳбатига доим тайёр туриш эди. Ҳидли бўлган пиёз, саримсоқ ва шунга ўхшаган нарсаларни истеъмол қилмасликларининг асосий сабаби ҳам шу эди.

Тўшакка кириб ухлашдан олдин изор[10]лари билан тўшакнинг ичини қоқиб ташлаб, қуйидаги дуони айтардилар:

«بِاسْمِكَ رَبِّ وَضَعْتُ جَنْبِي، وَبِكَ أَرْفَعُهُ، إِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا، وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ الصَّالِحِينَ»

«Бисмика Робби, вазоъту жанби ва бика арфаъуҳу, ин амсакта нафсии фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳа фаҳфазҳаа бима таҳфазу биҳис‑солиҳиин»[11].

Дуонинг маъноси: «Роббим! Сенинг номинг билан ёнимни қўйдим ва Сен ила кўтараман. Агар жонимни тутиб қолсанг, унга раҳм этгин. Агар қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза қилган нарсанг ила муҳофаза этгин».

Яна қуйидаги зикрни ҳам айтардилар:

«الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى أَطْعَمَنَا وَسَقَانَا وَكَفَانَا وَآوَانَا وَكَمْ مِمَّنْ لاَ كَافِىَ لَهُ وَلاَ مُؤْوِىَ»

«Алҳамду лиллаҳил лазий атъаманаа ва сақонаа ва кафанаа ва аванаа. Факам мимман ла каафийа лаҳу ва ла муъвийа»[12].

Маъноси: Бизни едирган, ичирган, кифоя қилган ва бошпана берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қанчадан-қанча кишиларнинг сақлагувчиси ва бошпана берувчиси йўқ.

Яна мана бу дуони ҳам айтардилар:

«بسْمِ الله وَضَعْتُ جَنْبِي اللهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنبِي وَاخْسَأْ شَيْطَانِي وَفُكَّ رِهَانِي وَثَقِّلْ مِيزَانِي وَاجْعَلْنِي فِي النَّدِيِّ الأَعْلَى»

«Бисмиллаҳ, вазоъту жанби. Аллоҳуммағфирлии занбии. Вахсаъ шайтонии ва фукка риҳаании. Ва саққил мийзаании. Важъалнии финадиййил аълаа».

Дуонинг маъноси: «Бисмиллаҳ. Ёнимни қўйдим. Аллоҳим гуноҳимни мағфират қил. Шайтонимни кетказ. Бўйнимни барча ҳақлардан озод эт ва (савоблар) тарозимни оғир қил. Ва мени буюк тўда ичида қил»[13].

Яна мана бу дуони ҳам қилардилар:

«اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ، لَا مَلْجَأَ وَلَا مَنْجَا مِنْكَ إِلَّا إِلَيْكَ، اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ، وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ»

«Аллоҳумма, асламту важҳи илайка, ва фаввазту амри илайка, ва алжаъту зоҳри илайка, роғбатан ва роҳбатан илайка, лаа малжаъа ва лаа манжа минка илла илайка! Аллоҳумма, ааманту бикитаабикаллазии ангзалта, ва бинабиййикаллазии арсалта!»

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Сендан умид қилган ва қўрққан ҳолда вужудимни Сенга таслим қилдим, ишимни Сенга топширдим, Сенга суяндим. Сендан қочишга ва нажот топишга ҳузурингдан бошқа жой йўқ. Аллоҳим, нозил қилган Китобингга ва юборган Набийингга иймон келтирдим»[14].

Зикрлари орасида 33 марта «Субҳаналлоҳ», 33 марта «Алҳамдулиллаҳ» ва 34 марта «Аллоҳу акбар» калималарини ҳам айтардилар.

Сўнг икки қўлларини дуода очгандек жамлаб Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқир ва ҳар бир сурани ўқигандан кейин қўлларига суфлаб дам солар ва уни жуссаларига сурардилар. Бу ишни уч марта такрорлардилар.

Ётганда ўнг тарафларига ёнбошлаб ётар ва:

« اللَّهُمَّ بِاسْمِكَ أَحْيَا وَبِاسْمِكَ أَمُوتُ »

«Аллоҳим, Сенинг номинг ила тириламан ва Сенинг номинг ила ўламан», – дер эдилар[15].

 Гоҳида Сажда, Инсон, Зумар ёки Исрога ўхшаган Қуръоний суралардан ҳам ўқирдилар.

Дуо ва зикрлардан фориғ бўлгач, оналаримиз билан тўшакда бироз илиқ суҳбатлашардилар.

Илиқ суҳбатдан сўнг эркаклик ҳожатлари бўлса, онамиз билан қўшилардилар. Жимоъдан сўнг онамиз махсус хирқани берар, у зот жимоънинг асарини ўзларидан артар, сўнг онамиз ҳам махсус хирқа билан шундай қилардилар[16].

Ётишдан олдин ғусл қилиб олардилар. Гоҳида эса таҳорат олар, гоҳида эса бир ухлаб кейин туриб ғусл қилардилар.

Гоҳида онамиз билан бирга бир идишда ғусл қилишарди.

Оиша онамиз бу ҳақда шундай деганлар:

«Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунублик пайтимизда бир идишда ғусл қилардик. Идиш ўртада турарди. У зот тезлашиб кетсалар, менга ҳам қолдиринг, менга ҳам қолдиринг, дердим»[17].

Ўша идишнинг номи фарақ бўлган. У мисдан ясалган бўлиб, олти ярим литрдан кўпроқ сув сиққан.

Онамиз билан ғусл қилишларида аёлларининг кўнглини кўтариш ва эр-хотин муносабатини мустаҳкамлаш борасида умматларига катта таълим бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаганда безовталанмасдан яхши ухлардилар. Гоҳида енгил хуррак отардилар. Ётган ҳолда у ёни, бу ёнига ағдарилсалар:

«لا إِلهَ إِلاَّ اللَّهُ الوَاحِدُ القَهَّارُ رَبُّ السَّمَوَاتِ والأرْضِ وَما بَيْنَهُما العَزِيزُ الغَفَّارُ»

«Лаа илааҳа иллаллоҳу вааҳидул қоҳҳаар. Роббус самааваати вал арзи ва маа байнаҳумал ъазийзул ғоффаар», деб зикр қилардилар[18].

Маъноси: «Қаҳҳор сифатли яккаю ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У еру осмон ва унинг орасидаги бор нарсаларнинг рабби бўлган азиз ва ғаффор сифатли зотдир».

Уйқуларида у ёқ-бу ёққа ағанаганда мисвокни ишлатар ва яна уйқуларига қайтиб то тун яримлагунча ухлардилар[19].

Хуфтондан туннинг ярмигача ухлашлари кун давомидаги энг узоқ муддат ухлашлари бўлса керак. Чунки бошқа пайтдаги уйқулари қисқа муддатни қамраб оларди.



[1] Бу ерда суннатни ўйда ўқир эдилар дейилмоқда. Лекин гоҳида ушбу суннатларни масжидда ҳам ўқир эдилар. Масжидда ўкиганлари учун саҳобалар кўриб уни бизга ривоят қилишган. Шунинг учун бизнинг мазҳабимизда суннатларни масжидда ўқишга рухсат берилган.

[2] «Мусаннаф Ибн Абу Шайба», «Саҳиҳ Ибн Хузайма» ва «Саҳиҳ Бухорий» китобларига қаралсин.

[3] Арабларда «най» («мизмаарун») сўзи аслида ҳаммага маълум пуфлаб чалинадиган мусиқа асбобини билдиради. Кўчма маънода эса бу сўз чиройли, ёқимли овозга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда шу кўчма маъно назарда тутилган

[4] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[5] «Муснад Таёлисий», «Сунан Ибн Можа», «Муснад Абу Яъло», «Саҳиҳ Ибн Хузайма» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.

[6] «Муснад Таёлисий», «Муснад Аҳмад», «Ал-адаб ал-Муфрад» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.

[7] Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган, эн (яхлит) матодан иборат кийим. У иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисми ёки лунгига ўхшатиш мумкин.

[8] «Муснад Таёлисий», «Муснад Аҳмад», «Ал-адаб ал-Муфрад» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.

[9] «Сунан Абу Довуд», «Сунан Байҳақий» ва «Шарҳи сунан Бағавий»  китобларига қаралсин.

[10] Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган, эн (яхлит) матодан иборат кийим. У иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисми ёки лунгига ўхшатиш мумкин

[11] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[12] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[13] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[14] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[15] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[16] «Ал-явмун Набавий» китобига қаралсин

[17] Имом Бухорий ривояти.

[18] «Азкарул сабаҳ вал маса» китобига қаралсин.

[19] «Муснад Абд ибн Ҳумайд», «Саҳиҳ Бухорий» «Саҳиҳ Муслим» ва «Сунан Насоий» китобларига қаралсин.

04:40 / 27.06.2020
Шамоил
«Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатдан мени кўрибди»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ، قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ أَبِي الأَحْوَصِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، عَن...
12:03 / 06.09.2023 Батафсил...
Шамоил
«Биз мерос қолдирмаймиз»
حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنِيعٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا حُسَيْنُ بْنُ مُحَمَّدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا إِسْرَائِيلُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ عَمْرِو بْنِ الْحَارِثِ، أَخِي جُوَيْرِيَةَ لَهُ صُحْبَةٌ، قَالَ...
14:44 / 28.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Мени ўзим ҳам умматимга фаратман»
حَدَّثَنَا نَصْرُ بْنُ عَلِيٍّ الْجَهْضَمِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ اللهِ بْنُ دَاوُدَ، قَالَ: حَدَّثَنَا سَلَمَةُ بْنُ نُبَيْطٍ، عَنْ نُعَيْمِ بْنِ أَبِي هِنْدَ، عَنْ نُبَيْطِ بْنِ شَرِيطٍ، عَنْ...
15:13 / 23.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Расулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот этдилар»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، وعياش العنبرى , وسوار بن عبد الله , وغير واحد , قالوا: أخبرنا يحيي بن سعيد , عن سفيان الثورى , عن موسى بن أبي عائشة , عن عبيد الله , عن ابن عباس وعائشة: أن أبا بكر...
17:31 / 21.08.2023 Батафсил...